Маҳалла ходимларининг устама пуллари ундириладиган бўлди
Президентимизнинг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармонида маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ва Бюджет ташкилотларининг моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси ҳисобидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг лавозим маошига 30 фоиз қўшимча махсус устама тўлаш жорий этилиши лозимлиги белгиланган.
Бироқ Сирдарё вилояти Сайхунобод туман ҳокимлиги томонидан маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва ўринбосарлари лавозим маошига 30 фоиз қўшимча махсус устама тўланмаган. Туман маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва ўринбосарлари эса бундан норози. Сайхунобод туман адлия бўлимига келиб тушган ушбу мазмундаги мурожаат қонунчиликка мувофиқ ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш давомида зарур ҳужжатлар тўпланди. Сайхунобод туман ҳокимлиги томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, тумандаги 57 нафар маҳалла фуқаролар йиғини ходимларига 2021 йил 18 октябрь ҳолатига 249.403.291 (икки юз қирқ тўққиз миллион тўрт юз уч минг икки юз тўқсон бир) сўм устама пуллари тўланмаганлиги маълум бўлди. Аниқланган ушбу қонунбузилишни бартараф этиш юзасидан адлия бўлими томонидан туман ҳокимлигига тақдимнома киритилди. Аммо туман ҳокимлиги томонидан тақдимнома ижроси таъминланмади.
Юқоридагиларга асосан, туман адлия бўлими томонидан фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судига ариза киритилди. Натижада суд буйруқлари билан Сайхунобод туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг 57 нафар ходимига 249.403.291 (икки юз қирқ тўққиз миллион тўрт юз уч минг икки юз тўқсон бир) сўм устама пуллари ундирилиши белгиланди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА