Маҳалла ва олий таълим ҳамкорлиги
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида “Маҳаллаларни ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йили доирасида “Ҳудуд тараққиётида маҳалла ва олий таълим муассасалари ҳамкорлигининг ўрни” мавзусида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Тадбирда филиал раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, Нукус шаҳридаги “Гулзор” маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мулоқот давомида “Гулзор” маҳалласи миқёсида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилиб, айниқса, ёшлар билан манзилли ишлаш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар билан тизимли ишлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.
Таъкидланганидек, маҳалла ва филиал ўртасидаги ҳамкорлик доирасида маънавий-маърифий тадбирлар, профилактик учрашувлар, спорт мусобақалари ва тарғибот лойиҳалари мунтазам ташкил этиб келинмоқда. Бу эса ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни жамият ҳаётига фаол жалб қилиш, ватанпарварлик ва фуқаролик масъулияти туйғусини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Очиқ мулоқотда маҳалла институти ва олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш, давлат сиёсатида белгиланган вазифалар ижросини қуйи бўғинларда самарали таъминлаш ҳамда ҳудудларда ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Бундай ҳамкорлик ёшлар муаммоларини манзилли ҳал этиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашда самарали натижа бераётгани таъкидланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА