Маҳалла тизимининг ваколатлари кенгайтирилди
2026 йил 24 июнда давлатимиз раҳбарининг “Маҳалла бошқарувини самарали ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 июлдан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) бўлимларига маҳаллалардаги муаммоларни тизимли таҳлил қилиш, масъул идоралар ўртасида ўзаро ҳамкорлик йўналишларини ишлаб чиқиш, шунингдек, ҳудудий дастурларни тайёрлаш ҳамда ижросини назорат қилишда иштирок этиш ҳуқуқи берилди.
Маҳаллада яшовчи биринчи маротаба ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят содир этган фуқароларга уларнинг оилавий шароитидан келиб чиқиб, фуқаролар йиғини кенгашининг коллегиал қарори асосида шахсга нисбатан енгиллик бериш тўғрисида қилинган мурожаат суд-тергов органлари томонидан қаноатлантирилган ҳолларда: “маҳалла еттилиги” кафилликка олинган шахсни қайта тарбиялаш, зарур ҳолларда, касбга ўргатиш, бандлигини таъминлаш, таълимга йўналтиришга масъул бўлади.
Кафилликка олинган шахс 3 йил давомида жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этмаса, “маҳалла еттилиги”нинг шахсни тарбиялашда фаоллик кўрсатган аъзосини қўшимча рағбатлантириш чоралари кўрилади.
Уюшманинг туман (шаҳар) бўлими бошлиқларига “маҳалла еттилиги” фаолиятига аралашганлик, уларни хизмат вазифалари билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этганлик учун туман (шаҳар) ҳокимларига тақдимномалар киритиш ваколати берилади.
Н.Абдураимова, ЎзА