Маҳалла тинч бўлса, обод бўлади
Миллий байрам – Наврўзи олам ҳамда 22 март – Маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг «Чимён» сайлов округидаги депутати Жаҳонгир ЗИЯЕВ ташаббуси билан "Чимён" маҳалласидаги «София» ресторанида маданий-маърифий тадбир ташкил қилиниб, дастурхон ёзилди.
Унда Мирзо Улуғбек туман ҳокимлиги мутасаддилари Ўзбекистон Президентининг Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси вакиллари, ЎзМТДП Тошкент шаҳар кенгаши аъзолари, тумандаги 54 та маҳалла раислари ҳамда фаоллар иштирок этди.
Маданий тадбирда Мирзо Улуғбек туман ҳокими Шавкатбек Эргашев ҳамда Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси бошлиғи Тоҳир Муллажоновлар сўзга чиқиб, барчани Наврўзи олам ҳамда Маҳалла куни билан табриклади.

– Маҳалла институти аҳолига энг яқин ва ҳақчил тузилма сифатида Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан яқиндан «Маҳаллабай» ишлаш тизими жорий қилинди ва бу ўзининг самарасини бера бошлади. Чунки барча муаммолар маҳаллаларда ҳал бўлди. Бу борада маҳаллий кенгаш депутатларига катта масъулият билдирилмоқда. Депутат халқпарвар, ташаббускор, ишнинг кўзини билиб, доимо сайловчиларини ўйлайдиган масъулиятли бўлса, албатта, маҳалладаги ҳар қандай муаммога ечим топилади. Депутат Жаҳонгир Зияевни ана шундай депутатлар қаторига қўшсак арзийди. Депутат саъй-ҳаракати билан кўряпсиз, айни пайтда «Чимён» маҳалласида қанақанги ободонлаштириш ишлари амалга ошириляпти? Яқин вақтларда ушбу маҳалла мамлакатимиздаги энг обод маҳаллага айланиши шубҳасиз, – деди туман ҳокими Шавкатбек Эргашев.
Байрам тадбири куй-қўшиқларга уланди. Дастурхонга ҳалим ва баҳорий таомлар тортилди.
Депутат Жаҳонгир Зияев ҳамда энг фаол маҳалла раисларига Ташаккурнома ва эсдалик совғалари берилди. Катта дошқозонда тайёрланган ҳалим маҳалладаги 150 та хонадонга тарқатилди.
ЎзМТДП Мирзо Улуғбек туман кенгаши