Маҳалла раисларининг ҳуқуқий билимлари оширилмоқда
Жорий йил республикамизда муҳим сиёсий жараён — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилиши режалаштирилган. Шу мақсадда айни вақтда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ушбу муҳим жараённи ҳар томонлама мукаммал ўтказиш, сайловчиларга барча қулайликларни яратиш мақсадида қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Жумладан, маҳалла тизими ходимларининг сайлов жараёнларига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ кўникмаларини бойитиш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан ҳудудларда ўқув семинарлари ўтказилмоқда.
2021 йил 23-30 август кунлари мазкур ўқув машғулотларининг биринчи босқичи мамлакатимиздаги барча туман (шаҳар)ларда уюшқоқлик билан ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси мазмун-моҳияти, сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тартиби, овоз бериш қоидалари хусусида ҳуқуқий-тарғибот материаллари асосида кенг маълумотлар бериб ўтилди.
Маҳалла раиси ва ходимлари ҳамда кузатувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтириб ўтилди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 14 апрелдаги тегишли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастури» ижросини таъминлаш ҳамда маҳалла тизими ходимларининг сайлов қонунчилиги бўйича ҳуқуқий билимларини янада ошириш мақсадида жорий йилнинг 13-18 сентябрь кунлари соҳа ходимлари иштирокида навбатдаги ўқув семинарлари ўтказилиши белгиланган.
Айни вақтда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган Ишчи гуруҳлар томонидан маҳалла тизими ходимларининг сайлов қонунчилиги ва сайлов жараёнларини ўтказиш билан боғлиқ билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида навбатдаги ўқув семинарлари ташкил этилмоқда.

Ушбу семинар дарсларида тингловчиларнинг аҳолининг сайловларда иштирок этиш, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш тартиби, фуқароларнинг овоз бериш жараёнидаги иштироки хусусидаги саволларига мутахассислар томонидан жавоб бериб борилмоқда.
Тадбирда яна бир муҳим масала сифатида сайлов жараёнларида аҳолининг карантин қоидаларига риоя этилишини таъминлашда маҳалла ходимларининг тутган ўрнига тўхталиб ўтилмоқда.
Ўқув семинарлари жорий йилнинг 18 августига қадар давом этади.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА