Маҳалла ободлиги – юрт кўрки (+видео)
Баъзан ҳаётда ақлни шошириб қўядиган шундай янгиланиш ва ўзгаришлар бўладики, бу тарихий жараёнлар – улкан бунёдкорлик даври сифатида эътироф этилади.
Сир эмаски, бугунги кунда мамлакатимизда инсон манфаатлари олий қадрият даражасига кўтарилиб, барча давлат идоралари фаолиятида аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш жараёнида мутлақо янгича тизим жорий этилмоқда.
Ҳар бир шаҳар ё туманнинг ободлиги маҳалладан бошланади, деганларидек, яқинда Республика ишчи гуруҳи вакиллари Қашқадарё вилоятида бўлиб, ҳудуддаги ижтимоий-иқтисоди оғир бўлган Нишон туманидаги “Балхияк” маҳалласидаги ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда кам таъминланган оилаларга кўрсатилаётган ёрдамлар каби масалаларда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиб, тегишли кўрсатмалар беришган эди. Натижада маҳаллий аҳолининг мурожаатлари ва таклифлари инобатга олиниб, айни пайтда “Балхияк” маҳалласида кенг кўламли ободонлаштириш ва таъмирлаш ишлари аллақачон бошлаб юборилди.
-Туманимизда 7 та МФЙ оғир ҳудуд тоифасига кирган бўлиб, улар орасида “Балхияк” МФЙ ҳам бор, -дейди Нишон туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Умид Мамашоев. – Мазкур маҳаллада яшовчи аҳолининг мурожаатларини ўрганиш давомида 16 кмга яқин таъмирталаб йўллар мавжудлиги аниқланиб, айни пайтда ушбу йўлларни шағаллаштириш ишлари бошланди. Бундан ташқари, маҳаллада тоза ичимлик суви муаммоси, электр энергияга бўлган эҳтиёж ҳам ҳисобга олиниб, бу борада ҳам амалий ишлар бошланиши кутилмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Jve1ulOJM_g" title="Маҳалла ободлиги – юрт кўрки" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, маҳаллаларда ғайрат-шижоат билан меҳнат қилаётган йўлсозлар, ободонлаштириш ходимлари, кексаю ёшлар, барча-барчани битта муштарак мақсад, у ҳам бўлса – жондан азиз шу она-Ватанни янада обод, фаровон этиш истаги бирлаштирган десак, асло муболаға бўлмайди.
Ўткир АЛИМОВ,
Искандар Исматов,ЎзА