“Маҳалла кубоги” ғолиблари сараланмоқда
Маҳаллаларда оммавий спортни янада ривожлантириш, ёшларни жисмонан соғлом ва маънан баркамол қилиб тарбиялаш мақсадида Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Стол тенниси федерацияси, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Маданият, Спортни ривожлантириш, Ички ишлар, Соғликни сақлаш вазирликлари, Ўзбекистон Миллий гвардияси, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда 13-16 ёшдаги маҳалла ўсмирлари ўртасида стол тенниси бўйича “Маҳалла кубоги” республика турнири ўтказилмоқда.

– Президентимизнинг 2022 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида “Спортни сев, спорт билан яша!” шиори остида ташкил этилаётган стол тенниси бўйича “Маҳалла” кубоги” республика турнири 4 босқичда ўтказилмоқда, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилояти бўлими раиси Фахриддин Солиев. – Мусобақа низомига кўра 1-босқич 10 октябрдан 30 октябргача маҳаллаларда ўтказилиши режалаштирилган эди. Вилоятимиздаги барча маҳаллаларда дастлабки босқич якунланди.

Вилоятдаги мавжуд 330 та маҳаллада ўтказилган мусобақада ғолиб чиққан ўсмирлар 31 октябрдан 15 ноябрга қадар 2-босқич – туман (шаҳар) босқичи доирасида ўзаро беллашади.
Жорий йилнинг 10 октябрь куни старт олган “Маҳалла кубоги”нинг республика босқичи 1-20 декабрь кунлари бўлиб ўтади.
А.Бўриев, ЎзА.