Маҳалла фаоллари рағбатлантирилди
Сирдарё вилоятида ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, спортни оммалаштириш ҳамда маҳаллаларда оммавий жисмоний фаолликни кучайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар янги босқичга кўтарилмоқда. Шу мақсадда “Беш ташаббус олимпиадаси” тадбирларида фаол иштирок этган ва ташаббускорлик кўрсатган бир гуруҳ маҳалла фаоллари рағбатлантирилди.
Вилоят Ёшлар марказида ташкил этилган тантанали маросимда маҳалла раислари, ёшлар етакчилари ҳамда спорт соҳаси мутахассисларига махсус спорт формалари топширилди. Бу эътироф уларнинг жойларда оммавий спорт тадбирларини йўлга қўйиш, ёшларни турли мусобақаларга жалб этиш ҳамда соғлом ҳаёт маданиятини шакллантириш йўлидаги фаол меҳнатига берилган муносиб баҳо сифатида қайд этилди.
Тадбирда сўзга чиққан вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Буранов спортнинг жамият ҳаётидаги ўрни тобора ортиб бораётганини таъкидлади. Айниқса, маҳалла даражасида олиб борилаётган тизимли ишлар ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни зарарли одатлардан узоқлаштириш ҳамда келажакда етук, соғлом авлодни тарбиялашда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Сирдарё вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Лазиз Аҳмедов, вилоят ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Бобур Акрамов сўзга чиқиб, ҳудудларда спортни ривожлантиришга ҳисса қўшаётган маҳалла етакчилари ва фаолларига миннатдорчилик билдирди. Улар томонидан амалга оширилаётган ташаббуслар ёшлар орасида спортга қизиқишни ошириш, уларни оммавий тадбирларга кенг жалб этиш ва янги истеъдодларни кашф қилишда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.
[gallery-29176]
Мутасаддилар қайд этганидек, “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги спорт мусобақалари бугунги кунда нафақат рақобат муҳитини шакллантириш, балки ёшларни ижтимоий фаолликка жалб этиш, улар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда. Шу орқали маҳаллаларда соғлом рақобат муҳити кенгайиб, спорт инфратузилмасини ривожлантиришга бўлган қизиқиш янада ортиб бормоқда.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов(сурат ), ЎзА