Магистратурага қабул: 5 780 нафар талабгор ҳужжат топширди
2026-2027 ўқув йили учун магистратура мутахассисликларига қабул жараёни фаол давом этмоқда.
Қабулнинг дастлабки икки кунидаёқ юртимиз бўйлаб минглаб абитуриентлар ўз ҳужжатларини электрон тарзда топширишга улгурди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълумотига кўра, 2 июль куни соат 18:05 ҳолатига қадар 5 780 нафар талабгор my.edu.uz платформаси орқали магистратура босқичига онлайн ариза юборган.
Таҳлилларга кўра, ҳужжат топширганларнинг 4 119 нафари (71,3 фоиз) аёллар бўлса, 1 661 нафари (28,7 фоиз) эркакларни ташкил этган. Бу эса магистратура босқичида таҳсил олишга қизиқиш, айниқса, хотин-қизлар ўртасида юқори эканини кўрсатмоқда.
Ҳудудлар кесимида энг кўп ариза Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келди. Пойтахтда 752 нафар талабгор магистратурага ҳужжат топширган.
Энг фаол ҳудудлар қуйидагича шаклланган:
Тошкент шаҳри – 752 та
Фарғона вилояти – 585 та
Самарқанд вилояти – 583 та
Қашқадарё вилояти – 478 та
Андижон вилояти – 429 та
Наманган вилояти – 426 та
Бухоро вилояти – 416 та
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, 2026-2027 ўқув йили учун магистратурага ҳужжатлар my.edu.uz платформаси орқали тўлиқ электрон шаклда қабул қилинмоқда. Номзодлар белгиланган муддат ичида тизимдан рўйхатдан ўтиб, зарур ҳужжатларни онлайн тарзда юборишлари мумкин.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА