Мадҳия – фахр ва ифтихоримиз
Халқимизнинг ўзига хос фазилатларини акс эттирувчи Давлат мадҳияси – бу ҳар қандай давлатнинг ўзига хос хусусиятларини ўзида мужассам этган рамзлардан бири бўлиши билан бирга, аҳоли бирлиги ва ҳамжиҳатлиги, шунингдек, юртимиз маданиятини ҳам ифодалайди.
1992 йил 10 декабрь куни “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган бўлиб, шу санага 32 йил тўлди.
Мадҳия янграганда ҳар бир фуқаронинг қалбида Она Ватанга бўлган алоҳида меҳр ва ифтихор туйғуси пайдо бўлади. Бу туйғулар инсонни мамлакатимиз тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилишга, янада фаол бўлишга ундайди.
Мадҳиямиз айниқса, спорт мусобақалари, олимпиада ғолиблари ватанининг мадҳияси юксак ареналарда дунё бўйлаб янграганда, ўзларини халқнинг ажралмас қисми сифатида ҳис этиб, яна бир юксак натижага эришганидан фахрланадилар, алоҳида ифтихор туйғуларини чуқур ҳис этадилар. Шу билан бирга мадҳия фаровонлик, тинчлик-осойишталик, юксак тараққиёт каби улкан мақсадлар йўлида халқни бирлаштирувчи кучдир.
Оҳангида Она заминнинг гўзал табиати, халқимизнинг улуғвор фазилатлари акс этган бўлиб, ёшлардан тортиб кекса нуронийларга ҳам бирдек улуғворлик бахш этади. Ватанимизнинг бош қўшиғида халқимизнинг меҳнатсеварлиги, сабр-тоқати, чуқур билим ва онги, матонати мужассам бўлганини ҳам алоҳида таъкидлаш ўринли. Шунинг учун ҳам, ўсиб келаётган ёш авлоднинг маънавий ва жисмоний жиҳатдан соғлом ва баркамол бўлиб камол топишида мадҳиямизнинг ўрни катта.
Барчани бугунгидек тинч ва осойишта, фаровон кунларимиз қадрига етишга ундайдиган, инсоний фазилатларга интилтирадиган мадҳиямизнинг ҳар бир сатрида, оҳангида муқаддас Ватанга чексиз муҳаббат туйғулари мужассам.
Айгул Отениязова,
“Миллий тикланиш” демократик партияси
Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши бош мутахассиси.
ЎзА