Маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш йўлида
Қоҳира шаҳридаги Буюк Миср музейида “Ўзбекистон-Миср: цивилизациялар ва мерос мулоқоти” мавзусида тадбир ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимиздаги Ислом цивилизацияси марказининг тақдимоти бўлиб ўтди. Мазкур марказ халқлар ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим халқаро майдон сифатида шаклланаётгани қайд этилди.
Учрашувда маданий меросни асраб-авайлаш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, қўлёзмаларни ўрганиш ва рақамлаштириш, маърифат, динлараро мулоқот ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб қилиш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.

– Фурсатдан фойдаланиб, мазкур маданий тадбирни юксак савияда ташкил этишда кўрсатилган яқин кўмак ва иштироки учун Миср Араб Республикаси туризм ва қадимий ёдгорликлар вазири Шериф Фатҳи жанобларига, Ал-Азҳар мажмуаси ва Миср муфтияти раҳбариятига, парламент аъзоларига, илмий ва маданий доиралар вакилларига ҳамда барча ҳамкор ташкилотларга самимий миннатдорлик изҳор этамиз, – деди Бахтиёр Саидов.
Иштирокчилар Ўзбекистон ва Мисрни кўп асрлик илмий-маърифий аанъаналар, бой маънавий мерос ва умумий қадриятлар бирлаштиришини қайд этди. Икки мамлакат олимларнинг ислом илм-фани, маданият ва таълим ривожига қўшган ҳиссасига алоҳида эътибор қаратилди.
Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА