Маданиятга эътибор – миллатга эътибор
Маданият ва санъат ҳар бир халқ, миллатнинг тараққиёт даражасини белгиловчи муҳим воситалардан ҳисобланади.
Маданият ва санъат ҳар бир халқ, миллатнинг тараққиёт даражасини белгиловчи муҳим воситалардан ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг бугун матбуотда эълон қилинган “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва "Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори соҳа ходимларини ниҳоятда мамнун қилди. Боиси, бу ҳужжатларда соҳада йиллар давомида йиғилиб қолган масалалар қамраб олинган.
Янги ўқув йилидан ноталар тўпламлари ва махсус мусиқий адабиётларнинг чоп этилиши, жонли ижродаги концерт дастурларига ижара тўловидан 50 фоиз чегирма бериш, санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатасининг тузилиши, қўғирчоқ театрларига берилган эътибор, ҳар бир вилоятда кўчма цирклар, (шапито, дорбозлар гуруҳлари) ҳамда ҳайвонот боғларининг ташкил этилиши, оммавий тадбирлар ўтказишдаги, номоддий маданий мерос объектларини асраш ва улардан фойдаланиш фаолияти билан шуғулланадиган жисмоний шахсларга берилган имтиёзлар, Маданият вазирлиги марказий аппарати тузилмасида маданият муассасалари ва ва ҳаваскорлик санъатини ривожлантириш, соҳада ахборот технологияларини кенг жорий этиш ва рақамлаштириш масалаларига масъул вазир ўринбосари лавозимининг жорий этилиши, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати, Маданий мерос илмий-тадқиқот институтларининг ташкил этилиши каби қатор муҳим вазифаларнинг белгиланиши – давлатимиз ва Президентимизнинг миллий маданият ва санъатимизга бўлган навбатдаги эътибори, ғамхўрлигининг яна бир ифодасидир.
Фармон ва қарорга асосан миллий маданият ва санъатимизни янада ривожлантириш, моддий ва номоддий маданий меросни сақлаш ва тарғиб этиш, соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг эркин ижод қилиши учун қатор имтиёзлар ва имкониятларнинг яратилишибиз каби маданият ва санъат соҳасида фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимларини ҳам беҳад қувонтирди. Зеро, миллий маданият ва санъатни ривожлантириш – ушбу соҳага оид ҳар бир ташкилотнинг халқ олдидаги бурчидир.
Мазкур ҳужжатлар бизни маданият ва санъат соҳасидаги давлат ташкилотлари билан ижтимоий шериклик асосида белгиланган вазифаларни самарали амалга оширишда, маданият ва санъат соҳасини ривожлантиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Лутфия МИРЗАЕВА,
“Умрбоқий мерос” Ўзбекистон маданияти
ва санъати тарғибот маркази раҳбари.