Маданият бўлимларига автомашиналар берилди
Янги йил байрами арафасида Андижон вилоятининг қатор туманлари маданият бўлимларига “Дамас” автомашиналари топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 2 февралдаги "Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида Маданият вазирлиги томонидан Асака, Қўрғонтепа, Марҳамат, Балиқчи, Избоскан, Пахтаобод туманлари маданият бўлимларига “Дамас” хизмат автомашиналари берилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов кейинги йилларда мамлакатимизда маданият соҳаси ривожига алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади.
–Хизмат машиналари биз учун янги йил байрамига муносиб совға бўлди, – дейди Пахтаобод тумани маданият бўлими раҳбари Адолатхон Раҳмонова. – Маданият соҳасига берилаётган эътибор учун, аввало, Юртбошимизга раҳмат. Ишонаманки, ушбу транспорт воситаси фаолиятимиз самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Маълумот учун: жорий йил баҳор ойида вилоятнинг иккита тумани маданият бўлимига мана шундай автомашиналар топширилган эди. Мутасаддиларнинг айтишича, туман маданият бўлимларини хизмат машиналари билан таъминлаш жараёни босқичма-босқич амалга оширилиб борилади.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари