Маданий меросимиз – янги Ренессанснинг пойдевори
Пойтахтимизда "Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс пойдевори" деб номланган IV халқаро конгресс ташкил этилди.
Мамлакатимиз маданий меросининг дунё миқёсидаги тарғиботига бағишланган ушбу йирик халқаро анжуман дунёнинг турли чеккаларидаги юртимиз тарихи ва тақдирига бефарқ бўлмаган юзлаб олимларни ўзи атрофида бирлаштирди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Ўзбекистон маданий меросни сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти бошқаруви кенгаши раиси Фирдавс Абдухолиқов, мамлакатимизнинг ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси бош котиби Гаянэ Умерова ва бошқалар мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларда маънавий-маърифий янгиланишлар муҳим ўрин эгаллашини таъкидлади.
Бу жараёнда илм-фан, маданият ва санъатга, китобхонликка бўлган эътиборни кучайтириш, фан ва инновациялар уйғунлашувига эришиш, таълимнинг барча бўғинларини такомиллаштириш, она тилимизнинг мавқеини кучайтириш юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда. Айни пайтда миллий маданий меросимизни ўрганиш, бу йўналишда хориждаги музей ва кутубхоналар, илмий муассасалар билан ҳамкорликни кучайтириш, чет эллардаги нодир асарларнинг факсимиле кўринишларини юртимизга келтириш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
Бир неча йилдирки, мамлакатимизда Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти самарали фаолият кўрсатмоқда. Юртимиз маданий меросини асраш, ўрганиш, сақлаш ва оммалаштиришда давлат ва жамоат тузилмалари, тадқиқотчилар, экспертлар, олимлар ҳамкорлигида кўмак кўрсатиш ушбу тузилманинг асосий вазифасидир. Ушбу тузилма томонидан "Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилаяпти. Лойиҳа доирасида юртимиз тарихи, улуғ алломаларимиз асарлари, уларнинг хориждаги қўлёзмаларини ўрганиш, факсимилеларини келтириш, бу йўналишда илмий тадқиқотлар олиб бориш бўйича тизимли ишлар бажарилмоқда. Бу йўналишда тайёрланган тўплам-альбомлар юртимиздаги мактаблар, олий таълим масканлари, кутубхоналарга тақдим этилгани эътиборга моликдир.
[gallery-452]
ЮНЕСКО бош директорининг маданият масалалари бўйича муовини Эрнесто Оттоне ўз табрик сўзида Ўзбекистоннинг маданий бойлиги мамлакат келажагини қуришда муҳим пойдевор экани, маданият инсонга тенглик ва жамиятлар орасида ўзаро мойиллик уйғотиши, кўпроқ янгиликлар беришини таъкидлади.
Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти директори Ирина Попованинг айтишича, Ўзбекистон маданий мероси дунёнинг доимий эътиборида бўлиб келган. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан миллий юксалиш, маънавият ва маърифат ривожига катта аҳамият қаратиш борасидаги интилишлар шарқона донишмандлик тамойилига асосланади.
– Шарқ Ренессанси Ўзбекистон тарихи, унинг буюк алломалари билан, аждодларингизнинг бебаҳо маънавий, илмий мероси билан чамбарчас боғлиқдир, – деди Ислом тарихи, маданияти ва санъатини ўрганиш маркази бош директори Халит Эрен. – Ўзбекистон маданий меросига оид тадқиқотларнинг асосий илҳомчиси Президент Шавкат Мирзиёевнинг маърифий-маънавий янгиланиш жараёнларига доир ҳаётбахш ташаббусларидир.
– Биз ҳам юқорида номи келтирилган лойиҳада қатнашаётирмиз, – деди Австрия вакили,ношир Александр Вильгеьм. – Бу жараёнда Катталангар қуръони, "Зафарнома", Ҳусайн Бойқаро девони каби нодир қўлёзмалардаги ёзувларни ўрганишга тўғри келди. Ҳа, чиндан ҳам юртингиз – буюк аждодларга бешик бўлган диёр.
Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, бу йўналишда тегишли "Йўл харитаси"ни тасдиқлаш каби масалалар атрофлича муҳокама этилди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов сўзга чиқди.
Ҳафталикнинг илк кунида "Миллий либослар – янги Ренессанс дурдонаси" мавзусида модалар намойиши бўлиб ўтди.
Назокат Усмонова, ЎзА