Маблағ ўтказиш бепул амалга оширилади
Жорий йил 1 мартдан мамлакатимиздаги барча тижорат банкларида жисмоний шахсларнинг пластик карточкасидаги маблағни бошқа бир жисмоний шахснинг карточкасига ўтказиш бепул амалга оширилади.
Жорий йил 1 мартдан мамлакатимиздаги барча тижорат банкларида жисмоний шахсларнинг пластик карточкасидаги маблағни бошқа бир жисмоний шахснинг карточкасига ўтказиш бепул амалга оширилади.Миллий матбуот марказида “Асака” банк томонидан ўтказилган матбуот анжуманида шу каби қатор янгилик ва имтиёзлар ҳақида сўз юритилди.
Пластик карточкалар орқали савдо ва хизмат кўрсатиш тизими тобора такомиллашаётгани аҳолига ҳар томонлама қулайлик яратмоқда. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2010 йил 19 апрелдаги “Банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китоб тизимини ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
“Асака” банк томонидан 1,5 миллиондан зиёд пластик карточкалар муомалага чиқарилган. 2015 йилда чакана савдо ва хизмат кўрсатиш объектларига 10 минг 300 та тўлов терминали ўрнатилган.
Пластик карточкалар воситасида янги хизмат турлари жорий этилмоқда, мижозлар билан муомала қилиш имконияти кенгаймоқда. Бу юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга ҳам қўл келмоқда. Тадбиркорлар ўзларининг ички хўжалик эҳтиёжлари учун товар ва хизматлар сотиб олиш, хизмат сафари харажатларини тўлашда тезкор ҳисоб-китобларни шу усулда амалга оширмоқда.
Матбуот анжуманида мижозларга сўм пластик карточкалари орқали хизмат кўрсатишда банк ва нобанк кредит ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик, пул маблағлари айланишида электрон ҳамённинг қулайликлари ҳақида сўз юритилди.