Маҳсулотлар экспорти давом этмоқда
Сўнгги уч йил ичида йиллик экспорт ҳажми бўйича ўттиз баробардан кўп ўсишга эришилган Наманган вилоятида 2020 йилда 500 миллион долларга тенг экспортни амалга ошириш режалаштирилган.
Сўнгги уч йил ичида йиллик экспорт ҳажми бўйича ўттиз баробардан кўп ўсишга эришилган Наманган вилоятида 2020 йилда 500 миллион долларга тенг экспортни амалга ошириш режалаштирилган.
Вилоят ҳокимлигининг ахборот хизматидан олинган маълумотларга кўра, жорий йил январь-март ойлари учун вилоятда 85,1 миллион долларлик экспорт прогнози белгиланган бўлиб, ўтган давр мобайнида қиймати 84 миллион доллар миқдорида саноат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ташқи бозорга чиқарилди. Вилоятдаги 211 та корхона томонидан ишлаб чиқарилган ва етиштирилган маҳсулотлар 24 та хорижий мамлакатга экспортга қилинди. Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон бозорлари вилоят экспортида етакчилик қилмоқда.
Наманган шаҳри ва Тўрақўрғон туманларида экспорт бўйича белгиланган прогноз муддатидан олдин бажарилгани, хусусан, доимий экспорт талабига эга бўлган Наманган тикув-трикотаж ва тўқимачилик ва мева-сабзавот маҳсулотлари билан бирга мева ва гул кўчатлари экспорти ҳажми ҳам сезиларли даражада ошгани эътиборга лойиқдир.
“Textile Finance Namangan” МЧЖ шаклидаги хорижий корхонаси ва “Uztex Uchkurgan” МЧЖ қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган тўқимачилик маҳсулотлари, “Biryuza Group” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган трикотаж маҳсулотлари, “Namangan Momiq Sochiqlari” МЧЖнинг сочиқлари, “Uzchasys” МЧЖ қўшма корхонасида тайёрланган автомобиллар учун фаралар, шунингдек, мева-сабзавот йўналишида “Mingbuloq Eksport Agro Tomorqa Xizmati” МЧЖ томонидан хорижий бозорларга юборилган ҳўл мева ва сабзавот ҳамда гул кўчатлари, “Чуст Ўрикзор” фермер хўжалигида етиштирилган дуккакли маҳсулотлар асосий экспорт ҳажмини ташкил этди.
Дунё бўйлаб коронавирус инфекцияси тарқалиши сабабли эълон қилинган чеклов ва карантинлар натижасида хорижий бозорларда ҳам тайёр маҳсулотларга бўлган талабнинг пасайишига қарамай, наманганлик экспортёр корхоналар маҳсулотлари хорижда харидоргирлигини сақлаб турибди.