Маҳсулот, сифат ва самарадорлик
Андижон вилоятида Жанубий Корея билан ҳамкорликда 34 корхона фаолият кўрсатмоқда.
Қўшма корхоналар
Андижон вилоятида Жанубий Корея билан ҳамкорликда 34 корхона фаолият кўрсатмоқда. Ана шу корхоналар томонидан ўтган йили 2 миллион 28 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинган.
Андижон шаҳрида фаолият юритаётган “OʻzERAE Climate Control” Ўзбекистон – Жанубий Корея қўшма корхонасида автомобиллар учун совутиш радиатори, иситиш, вентиляциялаш ва ҳавони кондиционерлаш модуллари ишлаб чиқарилади.
Кейинги йилларда мамлакатимиз саноат корхоналарида маҳаллийлаштириш дастури доирасида модернизация, ишлаб чиқаришга янги ва илғор технологияларни жорий этиш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар учун бутловчи қисмлар етказиб берувчи кўплаб ҳудудий корхоналар фаолияти йўлга қўйилди. Корхоналарнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, барқарор ишлаши учун зарур шароит яратилаётгани натижасида бугунги кунга келиб автомобилларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари асосан маҳаллий корхоналар томонидан тайёрланмоқда.
2011 йилда Жанубий Кореянинг “Erae cs” LTD компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган “OʻzERAE Climate Control” Ўзбекистон – Жанубий Корея қўшма корхонаси ана шу йўналишда самарали фаолият юритаётган корхоналардан бири. Корхонанинг айланма маблағи ҳамда “Асака банк”нинг Андижон вилоят бўлимидан олинган 11,4 миллион доллар миқдоридаги кредит ҳисобидан келтирилган замонавий жиҳозлар ишлаб чиқариш самарадорлигини янада оширди. Автомобилларнинг совутиш радиатори, иситиш, вентиляциялаш ва ҳавони кондиционерлаш модулларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонада дастлабки йилларда фақат “Cпарк”, “Кобальт” автомобиллари учун 10 турдаги маҳсулот тайёрланган бўлса, кейинги йилларда маҳаллийлаштириш дастури асосида “GM Uzbekistan” корхонасида ишлаб чиқарилаётган бошқа русумдаги автомобиллар учун ҳам ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Натижада ишлаб чиқариш ҳажми ўсди, маҳсулот тури кўпайди. Айни пайтда бу ерда “Спарк”, “Матиз”, “Дамас”, “Нексия”, “Ласетти”, “Кобальт” автомобилларининг совутиш, иситиш, вентиляциялаш ва ҳавони кондиционерлаш тизимлари учун 50 дан ортиқ турдаги бутловчи қисмлар тайёрланмоқда.
– Корхонамизда ўтган йили 208 миллиард 309 миллион сўмлик қарийб 436 минг дона маҳсулот ишлаб чиқарилди, – дейди қўшма корхона бош директори Нодиржон Аҳмедов. – Бугунги кунга келиб корхонамизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга талаб ва эҳтиёж нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам ортмоқда. Хусусан, ҳамкорлик келишувига асосан Россия Федерациясида ишлаб чиқарилаётган “УАЗ Патриот” автомобили учун иситиш радиаторлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Биргина 2018 йилда 24 минг дона сифатли иситиш радиатори тайёрланиб, экспорт қилинди.
Умуман, корхона ўтган йили Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Украина давлатларига 209,1 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотни экспорт қилди.
Корхонада халқаро ISO 9001 ва ISO/TS 16949 стандартлари талабларига жавоб берадиган сифат менежменти тизими жорий этилгани, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатли экани маҳсулотларга талабни оширмоқда.
Корхона 2018 йилда Хоразм вилоятидаги Ҳозорасп эркин иқтисодий зонасида ўз филиалини ташкил этди. Мазкур филиалда “Дамас” автомобиллари учун йилига 60 минг дона радиатор ҳамда ҳавони кондиционерлаш модуллари тайёрланади.
Айни пайтда корхонада меҳнат қилаётган 300 га яқин ишчи-ходимнинг аксарияти ёшлардир. “Устоз-шогирд” анъанаси асосида малакали мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Муҳандис, технолог ва ишчилар самарали меҳнат қилиши учун барча шароит яратилган.
– Корхона ташкил этилганидан буён ишлайман, – дейди ишлаб чиқариш бўлими муҳандиси Абдулазиз Абаев. – Мутахассислар, ишчи-хизматчилар махсус иш кийимлари билан таъминланган, бепул тушлик, барча қулайликка эга дам олиш ҳамда тиббиёт хоналари ташкил этилган.
Эришилаётган муваффақиятларда меҳнатни ташкил этишда илғор иш услубларини қўллаш, ички имкониятлардан самарали фойдаланиш, замонавий технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш, ишчи-хизматчиларни муносиб рағбатлантириш муҳим омил бўлмоқда.