Маҳсулот ишлаб чиқариш давом этмоқда...
Коронавирус пандемияси бутун жаҳонни ларзага солиб турган шу кунларда инсоният энг оғир синовли кунларни бошдан кечирмоқда.
Муносабат
Коронавирус пандемияси бутун жаҳонни ларзага солиб турган шу кунларда инсоният энг оғир синовли кунларни бошдан кечирмоқда. Дунё бўйлаб унинг географияси кундан-кунга кенгайиб, асоратлари ортиб боряпти.
Биламизки, бу бало-қазолар жонажон Ўзбекистонимизни ҳам четлаб ўтмади. Давлатимиз раҳбари бошчилигида пандемияга қарши курашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш, одамларимизнинг касалликни юқтириб олиш эҳтимолини имкон қадар чегаралаш, вирусли инфекциянинг тарқалишини жиловлаш, бу офатдан халқимизни асраш бўйича таъсирчан чоралар кўрилмоқда.
Бугун ҳаммамиздан ушбу хавф-хатарнинг оқибатларини чуқур ҳис этиб, масъулият билан пандемияга қарши биргаликда курашиш, қўйилаётган талабларга қатъий риоя этиш, зарурат бўлмаса кўчага чиқмасдан уйда қолиш талаб этилади. Негаки, мамлакатимизда, дунё давлатларида вазият қалтислашиб турган даврда эҳтиёткорлик доимий эътиборимизда бўлиши ва карантин режимини бузмасдан итоаткор бўлишимиз ўзимизнинг ҳатти-ҳаракатларимиз билан ўзгаларнинг ҳаётини хавф остига қўймаслигимиз лозим.
Шак-шубҳасиз, бу офатнинг кириб келиши ва давом этаётгани нафақат одамларимиз ҳаётига хавф солади, балки иқтисодиёт тармоқларига ҳам таъсир этмасдан қолмайди. Буни айниқса биз ишлаб чиқариш тармоқлари вакиллари чуқур ҳис этишимиз, иш суръатини бир муддат ҳам тушурмасдан, бор шижоатимиз билан ушбу синовли даврда фидойилигимизни намоён этишимиз керак. Бу, давлатимиз олдидаги ҳар биримизнинг муқаддас фуқаролик бурчимиз ва мажбуриятимиздир.
Шубҳасиз, юртимизнинг куч-қудрати ўсишида, унинг равнақи ва салоҳияти йўлида самарали натижаларга эришиб келаётган Марказий кон бошқармасининг 30 га яқин бўлинмаларида 17,5 минг нафардан ортиқ малакали мутахассис, ишчи-ходимлари бу масалага жиддий ёндашиб, бирдамликда ишламоқда. Бунинг натижасида ўз фаолиятини янги босқичда юксалтириб бораётган меҳнаткаш жамоа ишлаб чиқариш ва бунёдкорликдаги улкан ютуқлар ва муваффақиятлар билан юқори кўрсаткичда иш олиб бораётир.
Жорий йилнинг биринчи чораги кўрсаткичлари жамоамизнинг сермаҳсул ва самарали фаолият юритаётганидан далолат беради. Бунда, энергоресурслар истеъмолини қисқартириш, хом-ашё ва материаллардан самарали фойдаланиш, технологик жараёнларда йўқотишларни камайтириш, меҳнат унумдорлигини ошириш йўли билан ва бошқа ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш ҳисобига анча маблағ тежалишига эришилди. Шу билан биргаликда бошқармамиз томонидан умумий товар ишлаб чиқариш ҳажми 100,3 фоизни ташкил этди.
Умуман олганда, юртбошимиз томонидан қабул қилинган комбинатни ривожлантиришнинг 2017-2026 йилларгача бўлган даврга мўлжалланган дастурини муваффақиятли рўёбга чиқариш, Марказий кон бошқармаси тизимида янги корхоналарни ишга тушириш, мавжудларини модернизация қилиш ва кенгайтириш асосида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш борасида узлуксиз ва тизимли бунёдкорлик ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Жорий йилда йирик инвестиция лойиҳалари доирасида 2-гидрометаллургия заводи қувватини кенгайтириш бўйича рудани қайта ишлаш бўлими фойдаланишга топширилди. Қисқа муддат ичида ишга туширилган мазкур бўлимда уч ой давомида 437 минг 770 тонна руда қайта ишланган. Шунингдек, “Мурунтов” конини ўзлаштиришнинг 5-навбатида 13,3 млн метр куб кон массаси қазиб олинди. Яна бир йирик инвестиция лойиҳалардан бири 7-Гидрометаллургия заводи негизида техноген чиқиндиларни қайта ишлаш мажмуасининг биринчи навбати апрель ойида ишга туширилган бўлиб, рудани қайта ишлаш ҳажми режадагидек амалга оширилмоқда. Айтиш жоизки, лойиҳа якунида йилига 15 миллион тонна техноген чиқиндиларни қайта ишлаш қувватига эга бўлган улкан саноат мажмуаси яратилади. Бу эса ўз навбатида қўшимча 1150 дан ортиқ янги иш ўрни яратиш имконини беради.
Шу ўринда айтиш ўринлики, Ўрта Осиёда ягона бўлган, “Таркибидаги қимматли металлни ажратиш учун майдаланган маъданни кислород ва оҳак ёрдамида ишлов бериш” технологияси 5-Гидрометаллургия заводида татбиқ этилилиши кўзда тутилган. Ушбу лойиҳа 2022-йилнинг декабрь ойида тўлиқ ишга тушади.
Бугунги кунда Зарафшон қурилиш бошқармаси томонидан 5-ГМЗни қуриш жадал суръатларда амалга оширилмоқда.
Соғлигимизни таъминлаш йўлида хавфсизлик ва санитария қоидаларига тўла амал қилган ҳолда, белгиланган тартибда 3-сонли тиббий-санитария қисми ва бошқа масъул идоралар билан биргаликда корхоналар ходимларини тизимли равишда тиббий кўрикдан ўтказиб, мунтазам дезинфекция ишлари олиб борилмоқда. Ишчи-хизматчиларимизни ушбу мураккаб шароитда тартиб-интизомли бўлишга, карантин ва гигиена қоидаларига риоя этишга амал қиляпмиз. Энг муҳими, бугунги кунда юртимиз иқтисодиётида бизнинг корхоналаримиз ва биз ишлаб чиқараётган маҳсулотларнинг ўрни нақадар беқиёслигини чуқур ҳис этиб, иш суръатини бир муддат ҳам туширганимиз йўқ. Корхоналаримиз шиддат билан ўз фаолиятларини давом эттиряпти. Ушбу масъулиятли йўлда бор имкониятларни ишга солиб, белгиланган режаларни ортиғи билан адо этиш бизнинг бош мақсадимиздир. Бунинг учун бизда барча куч ва имкониятлар етарли.
Бу борада ишлаб чиқаришнинг барча тармоқларида эпидемиологик вазият барқарорлигини таъминлаш, ишчи-хизматчилар саломатлигини ҳимоя қилиш, осойишталикни сақлаш учун керакли зарурий ва самарали чоралар кўрилаётир.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда ўрнатилган қонун-қоидаларга қатъий риоя этиш, хотиржамликни сақлаш, шахсий гигиенага амал қилиш ҳар биримизнинг бурчимиз бўлиши лозим. Тартиб кучайтирилган даврда кўчада юргандан кўра, уйда қолиш энг самарали қарордир. Бу билан биз ўзимизни, оиламизни, юртимиз ва жамиятимизни коронавирус балосидан асрашга ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.
Отабек МУСТАҚИМОВ,
НКМК Марказий кон бошқармаси директори.