Маҳсулот ҳажми ҳам, тури ҳам кўпаймоқда
Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги “Nargiza teks” масъулияти чекланган жамияти яратилаётган кенг имкониятлардан унумли фойдаланиб, корхонани замонавий тарзда жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони иқтисодиётда хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан ошириш, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.Ушбу ҳужжат асосида 2015 йил 20 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини янада мустаҳкамлади. Унга мувофиқ, тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг деярли барча жиҳатларига дахл қиладиган 40 дан ортиқ қонунчилик ҳужжатига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки ноқонуний аралашиш бўйича давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлиги янада кучайтирилди.
Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги “Nargiza teks” масъулияти чекланган жамияти ҳам яратилаётган кенг имкониятлардан унумли фойдаланиб, корхонани замонавий тарзда жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бунинг самарасида 40 янги иш ўрни яратилиб, маҳсулот турини 5 тага кўпайтиришга эришилди.
Айни пайтда бу ерда кунига 30 турдаги 3 минг тайёр кийим ишлаб чиқарилаётир. Ўтган йили ички бозорда 730 минг тайёр кийим-кечак сотилган бўлса, 131 минг долларлик маҳсулот хорижга экспорт қилинди.
– Жорий йил бошида хориждан 35 тикув машинаси, 5 дазмоллаш ускунаси ва битта ёрлиқ тикиб қадоқлайдиган дастгоҳ келтириб ўрнатилгани экспорт имкониятимизни янада кенгайтирди, – дейди “Nargiza teks” корхонаcининг режалаштириш бўлими бошлиғи Сардор Эгамқулов. – Айни пайтда маҳсулот экспорти географиясини янада кенгайтириш устида иш олиб бормоқдамиз.
Газлама, ип ва бошқа тикувчилик хомашёлари мамлакатимиз енгил саноат корхоналаридан олинаётгани маҳсулот таннархини камайтириш имконини бераётир. Бугун корхонада меҳнат қилаётган 200 га яқин ишчининг аксарияти ҳудуддаги касб-ҳунар коллежларини битирган ёшлардир.
Корхонада янги технологияларни жорий этиш ҳисобига маҳсулот сифатини яхшилаш, таннархини арзонлаштириш юзасидан ишлар давом эттирилмоқда. Шу мақсадда корхонада ип-калава ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳа амалга оширилаётир. Ушбу лойиҳа амалга оширилгач, яна 150 янги иш ўрни яратилади.