Мақсадли сармоя – самарадорлик омили
Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигида “Аграр соҳада хорижий инвестициялар – барқарор ривожланиш омили” мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигида “Аграр соҳада хорижий инвестициялар – барқарор ривожланиш омили” мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Унда қишлоқ хўжалигига замонавий суғориш технологияларини татбиқ этиш, сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштиришга йўналтирилган лойиҳалар ва уларнинг натижалари хусусида сўз юритилди.
Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимида кейинги беш йилда хорижий инвестициялар ва беғараз техник кўмаклар жалб этилган ҳолда ўн бешдан зиёд инвестиция лойиҳаси амалга оширилди. “Ўзбекистон дренаж лойиҳаси. Жанубий Қорақалпоғистондан дренаж ўтказиш”, “Аму-Занг машина канали тизимини қайта тиклаш”, “Андижон вилоятидаги “Улуғнор”, “Раиш-Хакент-1” ва “Гулбаҳор-1К” насос станцияларни қайта тиклаш” кабилар шулар сирасидандир.
Натижада кўплаб гидротехник иншоот ва суғориш тармоқлари қурилиб, коллектор ва дренажлар таъмирланди, хориждан техникалар олиб келинди. 630 минг гектардан ортиқ суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланиб, 450 минг гектарда сув таъминоти кафолатланди.
– Инвестициявий лойиҳалар нафақат сув таъминотини яхшилашга, балки озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ҳам хизмат қилаётир, – дейди Сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Алламжон Фозилов. – Мисол учун, лойиҳалар доирасида фермерлар ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига 75 миллион доллардан зиёд сармоя ажратилди. Бу эса бир ярим минг гектарда интенсив боғ ва узумзорлар барпо этиш, 200 гектардан кўпроқ майдонда иссиқхоналар қуриш, 5 минг тоннадан зиёд қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва қадоқлаш цехини ишга туширишга амалий кўмак бўлди. 25 минг тоннадан кўпроқ сиғимга эга музлатгичли омборхоналар фойдаланишга топширилгани эса экспорт салоҳиятини оширишга кўмаклашмоқда.
Президентимиз Ислом Каримовнинг 2014 йил 17 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги Инвестиция дастури тўғрисида”ги қарори асосида ҳозирда 18 лойиҳа доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Уларни амалиётга жорий этишда Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Араб мувофиқлаштириш гуруҳи ва қатор мамлакатларнинг маблағлари жалб этилган.
2015 йил ноябрда ўтказилган Халқаро инвестициявий форумда имзоланган келишув доирасида хитойлик мутахассислар билан ҳамкорликда “Фарғона водийсида сув ресурсларини бошқариш. Фаза-2” ва Намангандаги «Қуқумбой» насос станциясини қайта тиклаш лойиҳаси амалга оширилади.
Тадбирда кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ва сифатли ҳосил етиштирилаётгани, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаби тўлиқ таъминланаётгани, ички бозорда нарх-наво барқарор сақланиб, экспорт салоҳияти ортаётганида мақсадли инвестицияларнинг алоҳида ўрни борлиги ҳам қайд этилди.