Маҳкумлар ҳам пенсия оладими?
Юртимизда инсон шаъни, унинг қадр-қиммати азалдан қадрланиб келган.
Юртимизда инсон шаъни, унинг қадр-қиммати азалдан қадрланиб келган. Бугунги кундаги аҳоли манфаатларини кўзлаб қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатларда мана шу ғоя етакчилик қилмоқда.
Яқинда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда барча соҳалар қаторида манзил-колонияларида жазо муддатини ўтаётган пенсия ёшидаги маҳкумларнинг нафақа олишлари қонун билан мустаҳкамланди.
Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси ва соҳага алоқадор қатор ташкилотлар вакиллари билан ҳамкорликда вилоятнинг Косон ва Муборак туманларидаги манзил-колонияларида тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, унда мазкур янги қонун мазмун-моҳияти, белгиланган талаблар маҳкумларга атрофлича тушунтирилди.
– Қонунга киритилган янги ўзгаришларга кўра, манзил колонияларида жазони ўтаётган, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинганларга пенсия тўланади, – дейди Қарши шаҳар бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлими бошлиғи ўринбосари Фарҳод Шаропов. – Бунинг учун пенсия ҳисоблаш тўғрисидаги ариза билан бевосита манзил-колония жойлашган ердаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимларига мурожаат қилиши зарур. Пенсия мазкур ҳолатда маҳкумларнинг шахсий ҳисоб варақларига ўтказилади. Бугунги тадбирда маҳкумларга ушбу ўзгаришлар бўйича батафсил маълумот берилди.
Инсон борки хато қилади. Таҳлилларга кўра, умри давомида қилинган хатоларнинг катта қисми ёшлик палласига тўғри келар экан. Қилмишга яраша жазо эса доим тайин. Пенсия ёшига етиб, фарзандлар, набиралар даврасида ўтиришни ким ҳам орзу қилмайди, дейсиз. Бу инсонлар онгидан ҳам ушбу ҳаёллар ҳар куни, балки ҳар дақиқада ўтаётгани аниқ. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан чиқарилган ушбу қонун пенсия ёшидаги маҳкумлар кўнглини тоғдек кўтарди.
– Аҳоли манфаатини кўзлаб олиб борилаётган сиёсатдан хурсандмиз, – дейди маҳкум Ўрал Омонов. – Бугун қонунчиликка киритилган ўзгаришларни яъни биз, маҳкумларнинг пенсияга чиқишига қонуний рухсат берилганини эшитиб, кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Ҳаётга қайтгандек бўлдик. 64 ёшдаман. Ҳаёт йўлида бир адашиб, баъзи англашилмовчиликлар сабаб шу ерга тушиб қолдим. Бундан қаттиқ афсусдаман.
Қариган чоғингда ёшликдаги шижоат, куч-қувват тарк эта бошлайди. Ҳаётингдаги ҳеч бир ҳолат аввалгидек бўлмайди. Атрофингдагиларга тобе бўла бошлайсан. Тез-тез даволанишга эҳтиёж сезасан. Шу боис давлатимиз фуқароларга маълум бир ёшга етганда пенсия тайинлайди. Бу маблағлар уларнинг даволаниб, соғлигини тиклаши, дам олиши ва ҳоказо мақсадлар учун хизмат қилиши кўзда тутилган. Энг ёмони бугунги кунгача жазони ижро этувчи колониялардаги пенсия ёшидаги маҳкумлар бундай ҳуқуқлардан маҳрум эди. Қонунларга киритилган ушбу ўзгаришлар уларга қайтадан умид бағишлади.
Бундан ташқари, янги қабул қилинган ўзгаришларда маҳкумларнинг соғлигини тиклаши, овқатланиши, яқинлари билан учрашувлари каби масалаларга боғлиқ ўзгаришлар ҳам бор. Тарғибот тадбирлари давомида маҳкумлар томонидан берилган саволларга мутасаддилар батафсил жавоб қайтарди.