Маҳаллий хомашёдан замонавий сумкалар
Наманган шаҳридаги “Лазиз грант сервис” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати ва ўзига хос дизайни билан харидорларга манзур бўлмоқда.
Наманган шаҳридаги “Лазиз грант сервис” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати ва ўзига хос дизайни билан харидорларга манзур бўлмоқда.Нейлон материалдан турли сумкалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона ривожида Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш, хусусан, экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни янада такомиллаштиришга қаратилаётган алоҳида эътибор муҳим омил бўлаётир.
Корхона жамоасининг янги лойиҳалар устида изланиши, ички имкониятлар ҳисобидан 100 миллион сўм маблағ жалб этилиб, техник-технологик ўзгаришлар амалга оширилгани ўз самарасини бермоқда. 20 дона энг замонавий тикув дастгоҳида аёллар ва болалар учун импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп сумкалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Бугунги кунда бу ерда сифат ва дизайнда хорижникидан қолишмайдиган 46 турдаги маҳсулот тайёрланмоқда.
– Жорий йилнинг ўтган беш ойида 56 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди, – дейди корхона бош ҳисобчиси Дилмурод Эгамбердиев. – Технологик янгиланишлар натижасида ишлаб чиқариш қуввати бир ярим баробар ошди. Айни пайтда корхонада ойига 4,5 минг дона маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда.
Йигирма икки киши меҳнат қиладиган корхона жамоаси маҳсулотларини ташқи бозорга чиқаришни режалаштирган. Ҳозирда хорижлик ҳамкорлар билан ўзаро шартнома тузиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.