Маҳаллалар фаолияти танқидий ўрганилмоқда
Хусусан, Республика маҳаллалар кенгаши ҳамда Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда Президентимиз Қарори лойиҳаси ва соҳага доир “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш бўйича Ишчи гуруҳ тузилди.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши бошқаруви раиси Раҳмат Маматов бошчилигида маҳалла институтининг нуфузини ошириш, мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантиришда унинг ишончли таянч ва таъсирчан куч бўлиб хизмат қилиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва амалиётга татбиқ қилинмоқда.
Хусусан, Республика маҳаллалар кенгаши ҳамда Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда Президентимиз Қарори лойиҳаси ва соҳага доир “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш бўйича Ишчи гуруҳ тузилди.
Ҳозирги кунда мазкур Ишчи гуруҳ иштирокида маҳалла тизимини янада ривожлантириш, соҳага инновацион технологиялар ҳамда аҳоли муаммолари билан ишлашда янги тизимни жорий қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, уларни эрта аниқлаш, бу борада маҳалла ва ички ишлар ходимлари ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва ёшлар муаммолари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш бўйича Президент Қарори лойиҳаси устида изчил ишлар олиб борилмоқда.

Мазкур Қарор лойиҳаси учун энг зарур таклифларни олиш, шунингдек, маҳаллаларимизда кечаётган ўзгаришлар, иш сифатини оширишга тўсиқ бўлаётган муаммоларни аниқлаш, шунингдек, маҳалла раисларининг аҳоли билан ишлаш кўникмаларини ошириш мақсадида Республика маҳаллалар кенгаши бошқаруви раиси Раҳмат Маматов бошчилигидаги Ишчи гуруҳ Тошкент вилояти ва пойтахт туманларидаги маҳаллалар фаолиятини атрофлича ўрганмоқда.
Дастлабки манзил сифатида Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги “Жамбул” маҳалла фуқаролар йиғини танланди. Сабаби маҳалла биноси йўқлиги боис маҳалла раиси Алишер Эшматов ўз уйининг икки хонасини ажратиб, иш фаолиятига оид барча ишларни беш йилдан буён шу ерда бажариб, аҳоли мурожаатларини ўз уйида қабул қилаётган экан. А.Эшматов бунинг учун зарур барча моддий-техник воситаларни ўз ҳисобидан сотиб олган.
2335 нафар фуқаро истиқомат қилаётган, таркибида 680 та оиласи бор маҳалланинг ўз идораси йўқлиги кишини ўйга толдиради.
– “Жамбул” МФЙ биносини қуриш учун туман ҳокимлиги томонидан ер ажратилган, – дейди маҳалла раиси А.Эшматов. – Ҳозирда бинони ҳашар йўли билан қуриш учун ишлар бошлаб юборилган.
“Жамбул” маҳалласи муаммоларини ўрганиш давомида шу маҳаллада яшовчи Зафар Тожибоев томонидан маҳалла фуқаролари учун болалар боғчаси, қишлоқ врачлик пункти, маҳалла ичидаги 46-мактаб қаршисида болаларимизнинг бехатар мактабга қатнашлари учун светафор қуриб бериш таклифи берилди.
3800 нафардан зиёд аҳолига эга Янгийўл туманидаги “Сахавот” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Акбархўжа Ибрагимовдан ҳудуддаги муаммолар ҳақида сўрадик:
– Маҳалламиз фуқаролари саломатлигини асраш мақсадида замонавий қишлоқ врачлик пунктига эҳтиёжимиз бор. Маҳалла кўчаларини асфальт қилиш бўйича ҳам бир неча бор тегишли ташкилотларга мурожаат қилганмиз. Шунингдек, “Жамбул” ва Сахавот” маҳаллалари ўртасидан ўтган тезюрар поезд йўлидан аҳолининг, айниқса болажонларимизнинг ўтишлари учун махсус йўлак қурилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
“Писталик” маҳалласи фуқаролар йиғини биноси 2019 йил ёз ойларида ҳашар йўли билан қурилган. Аммо иш фаолияти учун зарур моддий-техника воситалари билан таъминланмаган.
Янгийўл туман марказидан 30 км узоқликда жойлашган “Умид” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Омон Мусаев Ишчи гуруҳга ўзининг бир қатор таклифларини билдириб ўтди:
– Маҳалла тизимини янада ривожлантириш учун Президент Қарори лойиҳаси ва соҳага доир “Йўл харитаси”и ишлаб чиқилаётганлиги ҳамда бунинг учун бизнинг туман маҳалла фидойиларидан ҳам таклиф олинаётганидан шахсан мен жуда хурсанд бўлдим. Менинг таклифим шундан иборатки, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида маҳалла раиси ва профилактика инспекторининг ўзаро ҳамкорлигини янада кучайтиришимиз зарур. Бунинг учун улар бир бинода фаолият юритиши лозим, деб ўйлайман.
Яна бир таклифим шуки, ҳозирги кунда маҳалла ходимларига ҳокимликлар орқали ойлик иш ҳақи тўлаш тизимини қайта кўриб чиқиш зарур. Сабаби, истаймизми, йўқми, ҳокимликлардан ойлик олган маҳалла раисининг уларга қарам бўлиб қолмаслигини таъминлай олмаймиз.
Шу ернинг ўзида Республика маҳаллалар кенгаши бошқаруви раиси Р.Маматов билан маҳалла ёшларининг учрашуви бўлиб ўтди. Р.Маматов учрашув давомида ёшлар томонидан билдирилган фикрларга қулоқ тутди ва уларга керакли маслаҳатларини берди:
– Ҳар бирингиз шу юрт эртаси учун имкон даражасида ҳаракат қилишингиз, ўз билимингизни мунтазам ошириб боришингиз зарур. Бунинг учун биз сизларга барча керакли қулайликларни яратиб беришга тайёрмиз.
Шундан сўнг Янгийўл тумани ҳокими А.Тўхтабоев маҳалла ёшларидан бири Бахтиёр Йўлдошевнинг таклифига биноан ҳудуддаги мавжуд бўш ер майдонига болалар спорт майдони қуриб бериш учун керакли чораларни кўришини билдириб ўтди.
Фарҳод ЭШМЎМИНОВ,
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини
мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши
Ахборот хизмати бош мутахассиси