Лойиҳа доирасида янги кўчатлар экилди
Барчамизга яхши маълум, сўнгги йилларда юртимизда кўкаламзорлаштириш, дарахт кўчатларини экиш, уларни ҳимоя қилиш ва яшил майдонларни кенгайтириш бўйича тизимли чора-тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кенг кўламли амалий ишлар олиб борилаётгани Ўзбекистоннинг экологик барқарорлигини мустаҳкамлаш, аҳоли учун соғлом ва тоза муҳит яратиш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Аҳмед Реймов ўзи сайланган “Боғчилик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ушбу лойиҳа доирасидаги навбатдаги тадбирни ташкил этди. Унда маҳалла фаоллари, ёшлар, нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Дастлаб депутат Аҳмед Реймов сўзга чиқиб, мазкур лойиҳанинг аҳамияти, унинг экологик барқарорликни сақлашдаги ўрни, шунингдек, дарахт экиш маданиятининг жамият ҳаётидаги аҳамияти ҳақида фикр билдирди. У ўз нутқида кўкаламзорлаштириш жараёнларига ҳар бир фуқаро фаол ҳисса қўшиши зарурлигини, яшил майдонларни яратиш ва асраб-авайлаш келажак авлодга муносиб экологик мерос қолдиришнинг энг самарали йўли эканини таъкидлади.
Шундан сўнг депутат ва маҳалла аҳли биргаликда манзарали ҳамда мевали дарахт кўчатларини экиш жараёнини бошлаб юборди. Тадбир давомида ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитига мос бўлган турли кўчатлар экилгани, уларни парваришлаш бўйича масъул гуруҳлар белгилангани катта амалий аҳамиятга эга бўлди.

Иштирокчиларнинг таъкидлашича, бундай саъй-ҳаракатлар нафақат ҳудуд қиёфасини тубдан ўзгартиришга, балки экологик муҳитни яхшилаш, атмосфера ҳавосини тозалаш, ёшларни табиатга меҳр руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
Маҳалла аҳли депутат томонидан бошланаётган эзгу ташаббусларни қўллаб-қувватлашини билдирган ҳолда, яшил маконларни кўпайтириш борасидаги ишларни изчил давом эттиришга келишиб олишди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА