Логистика маркази фермер хўжалигининг ўзида
Самарқанд туманидаги транспорт логистикаси ва экспортчи корхоналар томонидан ўтган йил 22,6 миллион АҚШ доллари миқдорида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорт қилинган. Бу йил эса ушбу кўрсаткични 24,5 миллион доллардан ошириш кўзда тутилган. Жорий йил бошидан буён 6,7 миллион долларлик маҳсулотлар хорижга сотилди.
Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш борасида бой тажриба тўплаган туманда ушбу йўналишда экспорт ҳажмини муттасил ошириб боришда айни пайтда фаолият кўрсатаётган 4 та транспорт логистика марказларининг ўрни катта.
– Юртимизда етиштирилган мева-сабзавот, полиз ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари хорижий давлатларда жуда харидоргир, – дейди Самарқанд туман ҳокимлиги инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бош мутахассиси Фаёз Раҳматов. – Кейинги йилларда соҳага қаратилган алоҳида эътибор, фермер ва тадбиркорлик субъектларига берилаётган имтиёз ва имкониятлар туфайли ишлаб чиқариш ҳажми ошиб бормоқда. Яъни, халқимиз эҳтиёжидан бир неча баробар кўп маҳсулот етиштирилиб, экспортга чиқариш имконияти ошяпти. Бу тадбиркор ва фермер учун, мамлакатимиз иқтисодиёти барқарорлиги учун жуда муҳим. Лекин хорижга маҳсулот экспорт қилишнинг ўзи бўлмайди, бу борада халқаро стандартлар, ҳар бир мамлакатнинг ўз тартиб ва меъёрлари бор. Туманимиздаги логистика марказлари бу борада тадбиркор ва фермерларга яқиндан ёрдам бермоқда. Ушбу масканлар қишлоқ хўжалик маҳсулотларни замонавий совуткичли омборларда сақлаш, қадоқлаш ва махсус транспортларда хорижий давлатларга етказиб бериш хизматларини кўрсатмоқда.
[gallery-6865]
“Нуршодбек Агро” фермер хўжалиги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш баробарида ўз логистика маркази орқали экспорт билан шуғулланиб келаётган субъектлардан бири ҳисобланади. Жорий йилда 3,5 миллион долларлик маҳсулотни хорижга сотишни режалаштирилган хўжаликда 1200 тонна сиғимдаги музлаткичли омборхона мавжуд.
– Бугунги кунда ўзимизнинг хўжалигимизда ва бошқа фермерлар томонидан етиштирилган карам, қизил лавлаги, пекинка, гул карам, пиёз, саримсоқпиёз, япон турпи (дайкон) каби маҳсулотларни Россия ва Беларусга экспорт қиляпмиз, – дейди фермер хўжалик раҳбари Отабек Раҳматуллаев. –Йил бошидан буён 1 миллион долларлик шу каби маҳсулотлар хорижлик ҳамкорларимизга етказиб берилди. Бунда асосан, хўжалигимиз таркибидаги логистика марказида мавжуд 20 дан ортиқ махсус транспорт воситаларидан фойдаланяпмиз. Бугунги кунда хориждан буюртмалар кўпайиб бормоқлда. Шундан келиб чиқиб, янги логистика маркази қуришни бошладик. Йил якунига қадар марказ ишга туширилиб, экспорт ҳажмини янада оширишни режалаштирганмиз.
Тумандаги “Ансоржон Агро Саховати” ҳамда “Аъзам Азамат Агро” фермер хўжаликлари таркибидаги логистика марказлари орқали жорий йилда 4 миллион долларлик қишлоқ хўжалик маҳсулотларини хорижлик ҳамкорларга етказиб бериш кўзда тутилган. Туман масъулларининг маълум қилишича, йил якуни билан бу рақамларни янада ошириш учун имкониятлар мавжуд.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА