Ливанда қурбонлар сони ошди
Исроилнинг Ливанга уюштирилган янги ҳаво зарбалари натижасида камида 11 киши ҳалок бўлди. Мамлакат жанубидаги "Кфарҳата" қишлоғида 7 киши, жумладан 4 ёшли бола вафот этгани маълум қилинди. Байрутнинг Жнаҳ туманида эса яна 4 киши ҳалок бўлиб, 39 нафар одам жароҳат олган. Ҳаво зарбалари олдидан аҳолига эвакуация бўйича огоҳлантириш берилганига қарамай, қурбонлар сони юқори бўлди.
Таъкидланишича, ҳужумлар насронийлар диний байрамини нишонлаётган кунга тўғри келган. Шу куни Ливанда сўнгги ойлардаги энг оғир вазиятлардан бири кузатилди. Пойтахт атрофи камида 8 марта ҳаво зарбасига учради.
Можаро март ойида Ҳизбуллоҳ томонидан Исроилга ракета ҳужумлари бошланганидан кейин кескинлашган эди. Шундан сўнг Исроил жанубий Ливанга зарбаларни кучайтириб, қуруқлик операцияларини ҳам бошлади. Бу эса АҚШ–Исроил ва Эрон ўртасидаги кенгроқ зиддиятнинг Ливанга ҳам тарқалишига олиб келди. Натижада минтақадаги вазият янада мураккаблашди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Ливанда ҳалок бўлганлар сони 1400 нафардан ошган, бир миллиондан ортиқ аҳоли ўз уйини тарк этган. Исроил эса хавфсизлик зонаси яратиш мақсадида Ливан ҳудудига 30 кмгача кириб бориш ниятида эканини билдирди. Шу билан бирга, минглаб аҳоли вакиллари ҳудудни тарк этишдан бош тортмоқда. Бу эса гуманитар вазиятни янада оғирлаштирмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА