Лазиз Раҳматов: “Дунё мамлакатлари”
Таниқли журналист ва адиб, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD), “Қанот” лойиҳаси асосчиси Лазиз Раҳматовнинг “Дунё мамлакатлари” номли ажойиб китоби нашрдан чиқди. Китоб ўз номи билан дунё мамлакатлари ҳақида...
Очиғи, дунё давлатлари ҳақида маълумот берувчи манбалар, китоб, рисолалар бор, ҳатто кўп дейиш мумкин. Аммо, улардан кўнгил тўлмайдиган жиҳалар борлиги ҳам ҳақиқат. Масалан, уларда тақдим этилган маълумотлар сизни қониқтирмайди, боз устига жуда эски, давлатлар сони, географияси жуда ғариб, чекланган. Сиз ахтариб балки ўша китоб ё рисолани топишингиз мумкин, аммо ундан керакли маълумотларни ололмаслигингиз эҳтимоли юқори ва кўп ҳолларда ахтарган давлатингиз ўша китобдан жой олмаган ҳам бўлиб чиқади.
Бу фикрларни баён этишдан мурод Лазиз Раҳматовнинг “Дунё мамлакатлари” китоби чин маъдода китобхонларга совға бўлди. Мазкур китоб юқорида тилга олинган камчилик, нуқсонлардан холи ва ўзигача бўлган бўшлиқ – кемтиклик ўрнини тўлдириб туради.
“Дунё мамлакатлари”да дунёнинг 236 та давлати ҳақида маълумот бор. Ҳар бири алоҳида бир олам. Китобни қўлга олиб, муаллиф катта меҳнат қилганини қалбингиздан ўтказасиз.
Ён қўшнимиз Афғонистон билан бошланиб Жанубий Американинг Чили давлати ҳақидаги маъумотлар билан хотима топаёган китоб яхлит катта бир асарни эслатади. Ундаги ҳар бир давлат ҳақидаги маълумот алоҳида бир ҳикоядек тассурот қолдиради.
Яна бир жиҳати, сиз ушбу ҳикоялар ортида муаллифни – ўз касбининг эгаси бўлган заҳматкаш журналист, адиб ва олим Лазиз Раҳматовни ҳам кўриб турасиз.
Муаллиф ва китобнинг ютуғи ҳақида икки оғиз сўз. Унда келтирилган маълумотлар янги ва китобхонни қониқтирадиган даражада бой. Ўқувчи китобдан дунёнинг турли давлатлари ҳақида маълумотлар олиши баробарида Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатлар билан алоқалари, дипломатик муносабатлари, ўзаро ҳамкорлиги ҳақида ҳам батафсил ва керакли ахборотни олади.
Лазиз Раҳматовнинг ушбу китоби юртимиздаги ҳам бир мактаб ва олий ўқув юртлари кутубхоналари, маърифат масканлари, қолаверса, шахсий кутубхоналардан жой олиши шарт бўлган китоблардан, деб ўйлаймиз.
Фарзандларимиз – ўғил-қизларимизнинг дунёнинг танишида ушбу китоб ўзига хос калит вазифасини ўтагуси.
Яна бир гап, мамлакатимиздаги ўқув ва маърифат масканлари, қизиқувчилар сонини бир чамалаб, китоб бор-йўғи минг ададда чиққанини мулоҳаза қилиб кўрадиган бўлсак, ҳали эҳтиёжни қондиришга катта зарурат борлиги ойдинлашади. Китобни кўп нусхада чиқиши лозимлиги ойдинлашади.
Лазиз Раҳматовнинг “Дунё мамлакатлари” китобини топиб, албатта, ўқинг.
А.Нарзуллоев,
ЎзА