Лаванда ифорига бурканган Поп — фестиваль меҳмонлари учун ноёб манзил
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилоятида давом этаётган 65-халқаро Гуллар фестивали доирасида Поп туманидаги лавандазорларга пресс-тур ташкил этилди. Унда вилоятдаги марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ҳамда блогерлар иштирок этди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Ботиржон Нуритдинов сўзга чиқиб, бу йилги фестиваль мазмунан янада бойигани, янги туризм локациялари шаклланаётгани ва “Лаванда сайли” анъанавий тадбирга айланиб бораётганини таъкидлади.
Пресс-тур иштирокчилари доривор ва хушбўй ўсимликлар етиштирилаётган кенг майдонлар билан танишиб, лаванда парвариши, уни қайта ишлаш жараёнлари ҳамда иқтисодий самарадорлиги ҳақида батафсил маълумот олди. Мутахассислар таъкидлашича, лаванда бир марта экилганидан сўнг узоқ йиллар давомида ҳосил берадиган, юқори қийматга эга экспортбоп экин ҳисобланади.
Айни пайтда “MEHRIGIYO” масъулияти чекланган жамияти томонидан 40 миллион АҚШ доллари қийматидаги лойиҳа доирасида 500 гектар майдонда доривор ўсимликлар етиштириш ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
[gallery-30309]
Бепоён тоғ ёнбағирларида барпо этилган лавандазорлар фестиваль меҳмонларида катта қизиқиш уйғотди. Бинафша рангга бурканган далалар нафақат табиий гўзаллиги, балки фотосуратлар учун ўзига хос манзил сифатида ҳам кўпчилик эътиборини тортди.
Тадбир доирасида концерт дастури ҳам намойиш этилди. Лаванда ифорига бурканган Поп заминида ташкил этилган бундай сайллар Наманганнинг туризм салоҳиятини кенг намоён этиш, агротуризмни ривожлантириш ва ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА