Латвияда сиёсий вазият кескинлашди(ми)?
Латвияда жорий йил октябрда ўтказиладиган парламент сайловлари олдидан йирик сиёсий инқироз бошланди. Мамлакат бош вазири, марказ-ўнг коалиция раҳбари Эвика Силиня лавозимини тарк этишини эълон қилди.
Унинг сўзларига кўра, Силиня фаолияти давомида давлат хавфсизлиги ва фуқаролар манфаатларини биринчи ўринга қўйган, аммо “сиёсий ҳасад ва турли манфаатлар” вазиятни издан чиқарган. Сиёсий кузатувчилар бу чиқишни коалиция ичидаги зиддиятлар очиқ тўқнашув босқичига ўтганининг белгиси сифатида баҳоламоқда.
Инқирознинг асосий сабабларидан бири мудофаа соҳасидаги можаро бўлди. Ўлканинг собиқ мудофаа вазири Андрис Спрудс украин дронлари Россия ҳудудидан оғиб кириб, Латвия ҳаво ҳимоя тизимини бузиб ўтганидан кейин кучли танқидларга учради ва лавозимини тарк этди. Шундан сўнг унинг партияси ҳукуматни қўллаб-қувватлашдан воз кечди. Натижада бош вазир жамоаси парламентда кўпчилик ўринни йўқотди.
Энди янги ҳукуматни шакллантириш вазифаси республика президенти – Эдгарс Ринкевичс зиммасига тушади. У барча парламент партиялари билан музокара ўтказиши кутилмоқда. Таҳлилчилар фикрича, бу истеъфо нафақат ҳукуматни, балки Латвиянинг сайловолди сиёсий мувозанатини ҳам кескин ўзгартириши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА