Кузги шудгорлаш бўйича семинарлар давом этмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилоятининг Қува, Тошлоқ, Ёзёвон ва Қўштепа туманларида 2024 йил ҳосили учун пухта замин яратиш мақсадида кузги шудгорлаш ишларини намунали ташкил этиш ҳамда дала четларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга бағишланган семинарлар ўтказилди.
Семинарларда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, туманлар секторлари раҳбарлари, пахта-тўқимачилик кластерлари ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарлари, механизаторлар, сувчилар, қишлоқ хўжалигига масъул идора ва ташкилотлар вакиллари қатнашди.
Дастлаб ҳудудий МТПлардаги ҳайдов техникалари созлиги, механизаторлар, операторлар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишилди.
[gallery-14445]
Семинарлар давомида жорий йилда вилоятда пахта етиштиришда муваффақиятли хирмон уюлгани, қиш совуқ келишига қарамай қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлиги юқори бўлганлиги, мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун 2024 йилги ҳосилга ҳам масъулият билан ёндашиш зарурлиги ва белгиланган агротехник тадбирларни сифатли амалга ошириш, унумдорлиги юқори бўлган замонавий техникалардан фойдаланиш лозимлиги қайд этилди.
Кластерлар раҳбарларига шудгорлаш ишларини сифатли ташкил этиш учун ҳар бир отрядни юқори унумли ҳайдов техникалари билан таъминлаш, механизаторларга муносиб меҳнат ва дам олиш шароити яратиш, уларни доимий рағбатлантириб бориш борасида тавсиялар берилди. Вилоятда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга ошириладиган долзарб вазифалар бўйича фикр алмашилди.
Минтақамизда сув тақчиллиги муаммоси тобора чуқурлашиб бораётган бугунги вазиятда томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологияларини кенг жорий этиш бўйича кластерлар олдида турган муҳим вазифаларга эътибор қаратилди.
Дала четларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар муҳокама қилинди. Ток ва тут кўчатлари экиш кўламини янада кенгайтириш бўйича масъулларга кўрсатмалар берилди.
Семинарлар давомида илғор ишчи ва механизаторларга пул мукофотлари ҳамда совғалар топширилди.
ЎзА фотомухбири Муқимжон ҚОДИРОВ олган суратлар