Кузги шудгор мўл ҳосил гаровидир
Экинлардан мўл ҳосил етиштиришда кузги шудгор ишларининг аҳамияти катта. Ота-боболаримиз “Ер ҳайдасанг куз ҳайда, куз ҳайдамасанг юз ҳайда”, деб бекорга айтмаган. Зеро, сифатли ўтказилган кузги шудгор келгуси йил ҳосилига пухта замин яратади.
Ерларни сифатли ва юқори унум билан шудгорлашга эришиш учун трактор ва плуглар олдиндан ишга шай ҳолга келтирилиши ва созланиши, далалар эса ҳайдовга тайёрланган бўлиши, ҳайдов тўғри ташкил этилиши, унинг сифати доимо назорат қилиб борилиши лозим бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 октябрдаги “2022 йил ҳосили учун кузги шудгорлаш ишларини белгиланган муддатларда уюшқоқлик билан ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги йиғилиш баёни барча ташкилий масалаларни ўз ичига олган.

– Жорий йилда Оролбӯйига 80 минг 200 гектар майдонда кузги шудгорлаш ўтказилиши режалаштирилиб, ушбу ишлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси томонидан тасдиқланган график асосида 25 октябрдан 25 ноябрь санасига қадар якунланиши белгиланди. – дейди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Меъёрий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, сертификатлаш ва метрология бўлими бош инспектори Акбар Қозиев. – 2021 йил ҳосили учун кузги шудгорлаш мавсумига 746 – 313 донаси юқори унумли ҳайдов трактори, 163 таси оддий ҳайдов трактори жалб қилинган.
Бундан ташқари, ушбу баённома қарорида кузги шудгорлаш ишларининг ўтказилиши юзасидан, шудгорланган майдонларни қабул қилиш гуруҳларини ташкил қилиш ва ҳар бир контурни шудгорлаш отрядлари раҳбаридан сертификат асосида қабул қилиб олиш, шудгорлаш ишларининг сифатли ўтказилиши (саёз, тўлиқ контур ҳосил қилинмаган, дала боши ва охири ҳайдалмаган ва бошқа) ҳамда белгиланган муддатларда якунлаши устидан қатъий назорат ўрнатиш, шу билан бирга шудгорлаш ишлари сифатсиз бажарилган ҳолатларда белгиланган тартибда далолатномаларни расмийлаштириш, айбдорларга нисбатан тегишли чоралар кўриш вазифаси "Ўзагроинспекция"га юклатилган.
Бугунги кунда барча ҳудудларда жами 132 та шудгор отряди ташкил этилиб, кузги шудгорлаш ишларини оптимал муддатларда ва сифатли бажарилиши юзасидан Инспекция томонидан қатъий назорат ўрнатилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА