Куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнлари ўрганилмоқда
Тошкент вилоятида муҳим объектларнинг 2026-2027 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлиги жиддий назоратда. Бош прокуратура ва олимлар иштирокидаги ўрганишлар нималарни аниқлайди?
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан ҳамкорликда Тошкент вилоятидаги иқтисодиёт, ижтимоий ва энергетика соҳаси объектлари ҳамда кўп квартирали уй-жой фондининг 2026–2027 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ўрганилмоқда.
Мазкур жараёнга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда 8 та олий таълим ташкилотидан ҳам жами 50 нафар профессор-ўқитувчи жалб этилиб, вилоятнинг 22 та туманида объектларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги юзасидан илмий-техникавий ўрганишлар олиб борилмоқда.
Жараёндан дуал таълим асосида таҳсил олаётган талабалар ҳам четда қолмай, уларнинг таълим мобайнида эгаллаган назарий билимларини реал ишлаб чиқариш ва амалий кўникмалар билан уйғунлаштириш, касбий компетенцияларини ривожлантириш имконияти яратилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, бундай ташаббус келажакда хавфсиз илмий муҳит ва малакали мутахассислар ортишига сабаб бўлади.
Шербек Исломов, ЎзА