Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари жадал олиб борилмоқда
Навоий вилояти Кармана туманида 2026-2027 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари изчил ва тизимли равишда амалга оширилмоқда. Айниқса, аҳолини табиий газ билан барқарор таъминлаш, қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш мақсадида газ хўжалигида кенг кўламли таъмирлаш ва янгилаш ишлари олиб борилмоқда.
“Карманатумангаз” газ таъминоти бўлими томонидан ишлаб чиқилган режа асосида туманнинг бир қатор маҳаллаларида газ тармоқларини модернизация қилиш, эски қувурларни таъмирлаш ҳамда аҳоли хонадонларидаги газ тизимларини такомиллаштириш чоралари кўрилмоқда.
Жумладан, бугунги кунда Нурафшон маҳалласини табиий газ билан таъминловчи юқори босимли газ қувурига махсус фильтр – газ тозалаш мосламасини ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур ҳудудда 1 500 га яқин истеъмолчи истиқомат қилади. Шу билан бирга, маҳалладаги аҳоли хонадонлари газ таъминоти тизими уч босқичлидан икки босқичлига ўтказилиб, электрон газ ҳисоблагичларга замонавий регуляторлар ўрнатилмоқда.

Айни пайтда туманнинг бошқа маҳаллаларида ҳам мавсумга тайёргарлик ишлари қизғин давом этмоқда. Хусусан, Сардоба, Нарпай ва Кумушкон маҳаллаларида газ қувурларини жорий ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб бориляпти.
– Сардоба маҳалласида 3,5 километр газ қувурлари қайта бўялди. Шунингдек, 500 метр қўшқатор газ қувурлари демонтаж қилиниб, ягона тармоққа уланди. Маҳалладаги 507 та аҳоли хонадони газ таъминоти тизими ҳам икки босқичли тизимга ўтказилди. Нарпай маҳалласида эса “Обод қишлоқ” дастури доирасида монтаж ва демонтаж ишлари амалга оширилмоқда, – дейди “Карманатумангаз” газ таъминоти бўлими ходими Самад Расулов.
Бугунги кунда олиб борилаётган бу каби амалий ишлар аҳолининг қиш фаслида табиий газдан самарали ва хавфсиз фойдаланишини таъминлашга хизмат қилади. Энг муҳими, мавсум давомида хонадонларга табиий газни бир маромда етказиб бериш учун мустаҳкам замин яратилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири