Кутубхонага 1000 дона китоб тақдим этилди
Жиззах вилоятининг Зомин туманида фаолият бошлаган замонавий “Шоҳрух кутубхонаси” яна бир муҳим маърифий ташаббус билан бойиди. Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси томонидан кутубхона фондига 1000 дона китоб тақдим этилиб, аҳоли, айниқса, ёшларнинг китобхонлик имкониятларини янада кенгайтиришга муносиб ҳисса қўшилди.
Мазкур маърифий ташаббус доирасида Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов кутубхонага ташриф буюрди. Унга Жиззах вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Сардор Шукуруллаев ҳамда Зомин тумани ҳокими Алишер Абдуғаниев ҳамроҳлик қилди.
Ташриф давомида кутубхона фаолияти, китобхонлар учун яратилган шарт-шароитлар ва замонавий инфратузилма билан яқиндан танишилди. Бугунги кунда ушбу маърифат масканида 50 мингдан ортиқ китоб жамланган бўлиб, 100 ўринли ўқув зали, электрон кутубхона, “Book Cafe”, китоб дўкони ҳамда полиграфия хизматлари йўлга қўйилган. Бу эса нафақат китоб мутолааси, балки илмий изланиш, маърифий тадбирлар ва ижодий учрашувлар учун ҳам қулай муҳит яратмоқда.
[gallery-30477]
Кутубхона фондини янада бойитиш мақсадида Туризм қўмитаси томонидан 1000 дона китоб совға қилиниши ушбу маърифат масканининг имкониятларини янада кенгайтирди. Янги адабиётлар турли ёш тоифасидаги китобхонларнинг билим ва дунёқарашини бойитиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Мутахассислар таъкидлаганидек, туризм ва маънавият бир-бирини тўлдирувчи муҳим йўналишлардир. Замонавий кутубхоналар нафақат маҳаллий аҳоли, балки мамлакатимизга ташриф буюрувчи меҳмонларда ҳам Ўзбекистоннинг бой маънавий мероси, китобхонлик анъаналари ва интеллектуал муҳити ҳақида ижобий тасаввур уйғотади.
“Шоҳрух кутубхонаси” фондига 1000 дона китобнинг тақдим этилиши ана шу эзгу мақсадларга хизмат қиладиган, ёш авлоднинг билим олишга интилишини рағбатлантирувчи ва китобхонлик маданиятини янада юксалтиришга қаратилган муҳим амалий қадам сифатида аҳамият касб этади.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари