Кутилмаган янгиликлар билан яшаётган олам
БУГУНГИ ГАЗEТАЛАРДА…
Бугун олам аҳли кутилмаган янгиликлар билан яшаётгани рост. Хабарлар оқими шу қадар кўп ва ранг-барангки, улардан бохабар бўлишни ҳаётнинг ўзи тақозо қилади.
«Янги Ўзбекистон«ни варақлаб туриб, газета юртдаги ўзгаришларни ўзида акс эттираётган кўзгуга айланиб бораётганини ҳис этасиз. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 17 февраль куни божхона тизимини янада ислоҳ қилиш ва коррупциядан холи соҳага айлантириш масалалари бўйича ўтказилган йиғилиш шарҳи акс этган саҳифа кўпчиликка қизиқиш уйғотади. Давлат Раҳбарининг «Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда «2022 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори билан танишишингиз мумкин. «Оролбўйи: инновация ва технологиялар ҳудудининг янги даври», «Хонадонда хазина яратаётганлар» мақолаларида ҳаётга янгича ёндашув ва ўзини оқлаётган тажрибага гувоҳ бўласиз. «Янги Ўзбекистон» мухбири Лутфулло Сувоновнинг Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов билан қилган «Хавфсиз йўл – осойишта кун ва янги ғоялар муқаддимаси»номли суҳбат ва таниқли журналист Камол Матёқубовнинг «Синд дарёси бўйидаги жанг» бадиасини ҳам камоли эътибор билан мутолаа қиласиз.
«Халқ сўзи»да эълон қилинган «Маданий меросимиз – бебаҳо бойлик. Биз бу хазинага қандай муносабатда бўляпмиз ва улардан қандай фойдаланяпмиз?», «Буюк ўзгаришлар ҳақида китоб», «Нонни исроф қилманг, унинг уволи бор» мақолалари газетхон эътиборидан четда қолмайди. «Халқ сўзи»дан ўрин олган яна бир қанча мақолалар ҳам муҳим ва қизиқарлилиги билан эътиборни ўзига тортади.
“Oʼzbekiston adabiyoti va sanʼati” газетасида давлат Раҳбарининг «2022 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори эълон қилинган. Усмон Носирнинг жияни шоира Нодира Рашидованинг миннатдорчилик руҳида ёзилган «Унутмас мени боғим...» дилномаси ўқувчи эътиборида бўлади. Академик Наим Каримовнинг «Мунаввар ижод ва фожиали тақдир» мақоласи, Иқбол Мирзо ва Дилшод Ражабнинг шеърлари, Кумуш Ўсарованинг «Куз қуёши» ҳикояси мароқ билан ўқилади. Мунаввара Усмонованинг «Менинг Қутлибека опам» дил сўзи, Завқиддин Сувоновнинг раҳматлик Чори Аваз шеърияти хусусидаги кузатишлари ўқувчи эътиборидан четда қолмайди.
“Adolat”нинг бугунги сонида «адолат садолари» янграб туради. «Бугуннинг гапи» рукнида берилган «Иллатни илдизи билан қуритиш керак... Яқинда Қашқадарё вилояти Муборак тумани ИИБ бошлиғи фуқарога ер олиб бериш учун пора олган вақтда қўлга олинди...» номли мақола бунга мисолдир. «Адолат» байроғи билан «яшил макон»га», «Ишонч оқланмоқда», «Мулоқотда муаммолар ойдинлашди» каби мақолаларда бугунги кун манзараларини кўрасиз. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов ҳаёт йўлига бағишланган «Меҳр оғушидаги хонадон» саҳифасини ўқувчи алоҳида қизиқиш билан мутолаа қилади.
“Vatanparvar”нинг бугунги сонида ҳам ватан, юрт қадри, унинг ҳимояси билан боғлиқ лавҳа, мақолаларга кенг ўрин берилган. «Ватанга қалқонмиз, тинчликка посбон!», «Армияда ўзимни топганман», «Ғурури тоғлардан юксак» саҳифалари ўқувчига ички ғурур, бурч ва масъулият нима эканлигини эсга солади. Бобур Элмуродовнинг «Қиличлашиб майдон ичра ўлмадим...» мақоласи ҳам зўр қизиқиш билан ўқилади...
Газеталарни ўқинг, бугунги кун ҳавосидан нафас олинг...
А.Нарзуллоев, ЎзА