Курраи қутлуғ жамоли
Нуфузли бир манбада ўқиб қолдим: II асрда яшаган қадимги юнон олими Клавдий Птолемей «Географиядан қўлланма» асарини ёзган, унда Тошкент шаҳри ҳақида ҳам маълумот бор экан.
Ҳайратланарли-да! Салкам 20 аср муқаддам бу донишманд инсон не сабаб-эҳтиёжлардан келиб чиқиб ёзди экан ушбу асарни? Табиий, инсоният яшаб турган заминни билгиси келган, унинг тафсилотини ўрганишга аҳд қилгандир? Ва яна бизга маълум-номаълум бошқа мақсадларни кўзлагандир? Лекин шуниси муқаррарки, олим ер, ер- усти, иқлиму об-ҳаво, узоқ-яқин минтақаларда яшовчи одамлар ҳаётига қизиққан!
Ер юзида ҳаёт сувдан бошланган деб фараз қилди кимдир, бошқа бири, йўқ дея, ҳаёт ҳаводан бошланганини исботлади, яна кимнингдир тафаккури ўз сўзини айтди: ҳаётнинг бошланиши оловдан, тупроқдан дея ғалаён кўтарди. Ҳа, муболаға йўқ бу ўхшатишда, зеро, бир замонлар ҳар бир фавқулодда кашфиёт, ҳар бир ихтиро исён, тўфон, камида ғалаён келтириб чиқарган.
Ернинг шакл-шамойили, жойлашуви, ҳаракатланиши, унинг Ой, Қуёш ва бошқа осмон жисмлари билан муносабати озмунча тортишувларга сабаб бўлганми?! Озмунча мутафаккир зотлар ушбу «даҳанаки» тортишув ва мубоҳасалар қурбони бўлиб кетмаганми?!
Асрлар мобайнида давом этган фикрий муҳорабада алалоқибат... Ер ғолиб чиқди! Ер ўз ўқи атрофида мудом айланиб турибди, ўз лаппагида кун, ой ва йил сайин кўпайиб бораётган башарият учун Она заминлик вазифасини ўтаб келмоқда. Ер юзида ҳаётнинг пайдо бўлиши борасидаги адоқсиз тортишувлар бора-бора Ер ҳақидаги фан – география фани қиёфасида бўй берди, шаклланди, такомил топди.
* * *
![]() |
Бундан 60 йил муқаддам. Тошкент шаҳрининг ҳозирги Олмазор туманидаги 11-ўрта мактабнинг 8-синфида ўқиймиз. Кутилмаганда география дарсига нотаниш муаллим кирди. Кекса, илгари бўйчан бўлган, лекин қарилик уни букиб қўйган – мункайиброқ юрар, қордай оппоқ сочи укпарга айланган, сийрак тортган, товуши оғир дарддан турган беморнинг хаста овозидек ҳорғин эшитиларди.
– Исмим Асрор ака, – деб ўзини таништирди муаллим.
У пайтлар эр ўқитувчига «Ака», аёл ўқитувчига «Опа» деб мурожаат қилинарди.
Асрор ака икки ўқувчидан «Дунё картаси»ни девор тахтасига илишни сўради. Қўлида калтагина таёқча тутиб, инқиллабгина харита томон аранг етиб борди.
Даставвал таёқчанинг учини Тошкент нуқтасига босди.
– Биз мана шу дунёнинг, – деди хаританинг умумий кўламига ишора қилиб, ¬– мана шу нуқтасида яшаймиз, айни дамда мана шу нуқтасида ўтирибмиз!
Синф жимжит бўлиб қолди. Ҳатто шўх-шан синфдошларимиз ҳам жим. Барчанинг диққати муаллим кўрсатган нуқтада.
– Ўзбекистон пойтахти Тошкент дунёдаги э-энг катта шаҳарлардан бири. Э-энг аҳолиси кўп, э-энг гўзал, э-энг ҳавоси ёқимли шаҳар! Тошкент бор экан, сиз-биз бормиз!.. Ўзбекистон бор эка-а-н...
Тасаввур қилинг, бир неча лаҳзада бутун синфимиз бараварига деворга илинган «Дунё картаси»нинг қоқ ўртасидаги нуқтага – Тошкентга кўчиб ўтдик-қўйдик.
– Жон болаларим! Зинҳор унутманглар, ҳамон, Тошкент – Ўзбекистоннинг пойтахти эка-а-н...
Бу гаплар биз ўқувчилар учун янгилик эмас, бошқа дарсларда, масалан тарих фани дарсида «Дунё картаси»ни кўргандик, аммо-лекин Асрор муаллимнинг сўзлаш услуби, харитага манглайини босгудай яқин туриб, энг жимит ҳарфларигача жон дили билан ўқишни истагандай, ҳаётда илк бор кутилмаганда нигоҳи тушиб қолган янгилик ҳақида сўзлаётгандай шу қадар берилиб, шу қадар иштиёқ билан ҳикоя қилардики, гўё муаллим кўз ўнгимизда кексалигини, ҳорғинлигини унутди – қадди ростланди, товуши ўктамлашди, чеҳраси чарақлаб кетди.
Асрор муаллим узоқ гапирди, роҳатланиб, роҳатини биз болаларга юқтира-юқтира гапирди.
– Биз – мана шу нуқтада туриб дунёга қараймиз, шу нуқтадан дунё мамлакатларини, халқларини, қолаверса, буту-ун океану тоғ-тошларини шу нуқтада туриб ўрганамиз, англаб етамиз. Чунки Тошкент – биз учун Ернинг, дунёнинг маркази ҳисобланади! География – мана шу картада акс этган дунёни, ер юзини жонимдан ортиқ севаман, дегани!
Биз «Дунё картаси»га маҳлиё бўлиб қолдик. «Дунё картаси»нинг ҳар бир нуқтаси, шакли, ҳар бир ранг-туси биз учун мўъжиза конига, уммонига айланди. Муаллимнинг қўлидаги икки қарич чиқар-чиқмас таёқча бизни сеҳрлаб қўйди, унинг «изи»дан дунё кезиб, синфга қайтгимиз келмай қолди.
Ўша дарс ҳаётимда, қизиқишларимда ўзга бир ўзан очгандай бўлди мен учун. Харитани, харитага қўшиб Асрор муаллимни, география фанини, демак, Ер юзини яхши кўриб кетдим – хариталарда акс этган Курраи арз жамолига меҳр қўйдим!
Орадан 60 йилдан зиёдроқ вақт ўтди, бироқ ўша география дарси чоғида қалбимга муҳрланган сирли-сеҳрли муҳаббат эса сўнгани йўқ...
...Чорак аср бўлди, Пентагон таклифига биноан хизмат юзасидан АҚШ сафарида бўлдик. Иккинчи куни шекилли, мезбонлар Америка Қўшма Штатлари Конгресси биносига олиб боришди. Кенг, баланд, маҳобатли, симобдай оқ мармардан тикланган машҳур гумбазни пастдан томоша қилдик. Гумбазнинг қоқ маркази – оёқ остидаги оқ мармар тўшаманинг қоқ марказида футбол тўпидан чоғроқ тим қора белгига кўзим тушди. У қандай маънони англатишини сўрадим.
Мезбонимизнинг чеҳрасида мағрурона руҳ пайдо бўлди ва бажонидил жавобга оғиз жуфтлади:
– Бу нуқта – дунёнинг маркази АҚШ Конгресси гумбазининг остида деган маънони англатади!
Чамаси мезбон бизнинг ҳайратланишимизни кутди, мен эса зудлик билан эътироз билдирдим:
– Кечирасиз, жаноб, дунёнинг маркази – биз учун Тошкент ҳисобланади!
* * *
Ер куррасини ўрганиш мақсадида сайёҳлик жандасини кийиш уч-тўрт минг йиллардан буён умумбашарий урфга айланган. Географик маълумотлар тарихий маълумотга айлана борган (бу икки фан қадрдонлашиб кетганининг боиси ҳам шунда бўлса керак).
Манбаларда ёзишларича, дастлабки географик харита милоддан бир неча юз йил муқаддам Бобилда яратилган. Муаллифи аниқланмаган ўша харита марказидаги нуқтада Бобил шаҳри жойлашган экан...
Курраи арз тасвирини глобусга туширишга ҳам аҳли тафаккур милоддан бурунлар киришган. Ер ҳақидаги маълумотлар кўпайгани сайин Курраи арз жамолини харита-ю глобусда янада мукаммал тарзда яратишга ҳаётини, илмини сафарбар этувчилар кўпайгандан-кўпайган. Шоирлар ҳам қараб турмаган, ўзимизнинг Абдулла Орипов эса ўлмас сатрлар битган.
Қаршимда ер шарин сурати турар,
Салмоғи Қуванинг анорича бор.
Тим қора осмонда порлаб кўринар,
Шу жажжи сайёра кўркам, улуғвор.
* * *
Буюк олмон мутафаккири Иммануил Кант (1724-1804) географияни тарихнинг пойдевори деб атаган. Биринчилардан бўлиб географияни алоҳида фан сифатида ўқитишни йўлга қўйган. Ваҳоланки, на қўлланма, на дарслик, на бошқа манба бўлган у пайтларда. Нимаики зарур бўлса, ўз қўли билан ёзган, кўпайтирган, қўллаган.
Кант энг хонанишин алломалардан бўлган. Ҳеч қаёққа бормай, юрмай-кезмай-кўрмай туриб шу қадар ишончли ва ҳақиқатга тўғри келадиган маълумотлар тўплаганки, ижодхонасини тарк этмаган ҳолда... дунё бўйлаб саёҳат қилган, маълумот тўплаган, денгизлар ошган, чўлу биёбонларни пойи пиёда кезган. Осиё, Африка, Европа ва Америка қитъаларида жойлашган мамлакатларнинг аҳолиси, шунингдек, табиати, об-ҳавоси, ҳоказоларини синчиклаб ўрганган. Шамолнинг ҳосил бўлиш қонуниятини кашф этган. У тўплаган маълумотларнинг ҳаққонийлигига, тўғрилигига ҳассос географлар ҳам тан беришган. Алломанинг Петербург фанлар академияси аъзолигига қабул қилинишида унинг айнан география соҳасидаги хизматлари эътиборга олинган.
* * *
Буюк Маҳмудхўжа Беҳбудий кенг омманинг илмсизлигидан қаттиқ изтироб чекди. «Энг муҳтарам муборак кишилар ҳатто бехабарликларидан хабарсиздурларки, бу бехабарликларидан баъзан уятга қолиб, ҳатто иш шармандаликкача етар» дея ўксиди. Шу каби кемтикликларни бартараф этиш муродида мактаблар очди, дарсликлар ёзди, ўқитди-ўргатди. Ҳазратнинг географияни ўқитиш, оммалаштириш борасида қилган хизматлари алоҳида тарих, алоҳида ибрат. Бундан 120 йил муқаддам «Туркистон вилояти газети»нинг 3-сонида эълон қилинган «Жуғрофия илми» мақоласининг бирон ҳарфи ҳануз эскирмаган.
Қуйидаги жумлага эътибор қаратайлик: «На даражаларға таназзул қилишимиз кўзи очиқ кишига маълумдир. Надан? Илмсизликдан! Ал-он русий ва фарангийдан, форсий, арабий, туркий тиллариға яхши ва мунтазам жуғрофия ҳайъат китоблари таржима бўлған, ўшал китобларни ўқимагунча дунёи ҳолиядан хабардор бўлмоқ асло бўлмайдур. Хабардор бўлмай дунёға юрмоқ яна фойдаси камдур».
Ҳазрат 8 ой мобайнида 400 саҳифадан зиёда бўлмиш «Мунтахаби жуғрофияи умумий» китобини ёзди. Уни тартибга келтиришда кўплаб хорижий манбалардан фойдаланди. Унга турли хариталар, жумладан, 5 қитъа ер қуруқлик харитаси илова қилди. «Земной шар – глобус – курраи маснаъ» ҳақида батафсил маълумот келтирди. «Самарқанд усули жадид мактаби хусусида» мақоласида Самарқанд шаҳрида фаолият бошлаган янги жадид мактабига доир атрофлича маълумот берди. «Уч ойдин бери роқимни «Мадхали жуғрофияи умроний» форсий рисоладин ҳам кунора бир сабоқ олиб ва деворий ва мусулмоний – карта-харита – курраи мужассама – глобусдан зеҳний ва китобий жуғрофия илмидан ҳам ўқийдурлар».
«Мадхали жуғрофияи умроний» китобини Беҳбудий бобомиз «ер юзини ободонлигини баён қилмоқдин иборат бир жаҳонномадур» деб таърифлайди.
Ҳайратларга тушмайдими бу жаҳонномадан шоир?!
Наҳот шу кўрганим рост бўлса, наҳот?
Наҳотки еримиз бир кичик соққа?!
Наҳотки биз шунга жо бўлсак, ҳайҳот!..
* * *
Асли журналист, сиёсатшунос олим ва халқаро шарҳловчи Лазиз Раҳматовнинг қаламига мансуб «Дунё мамлакатлари» китобини Маҳмудхўжа Беҳбудий ибораси билан шу куннинг жаҳонномаси дея таърифласак, заррача муболаға бўлмайди. Замонлар алмашар, алмашар авлод. Курраи арз айланар, тин олмас зинҳор. Жаҳоннома жамоли ўзгарар, ўзгарар ҳаёт, дея шоирона таърифга берилгинг келади, китобни қўлга олатуриб.
Хонадан чиқманг, ўтиринг сокин. Компьютер ўчгани – чандони авло! Олинг, тиззага қўйинг, «Жаҳоннома»ни! Фикран саёҳатга отланинг, сўнгсиз саёҳат! Донишманд Кант ҳам кўрмаган китоб! Беҳбудий ҳазрат, Асрор муаллим, Ҳасанов домла орзу ҳам қилмаган хазина китоб!
Китобдан ўрин олган, айниқса, номи, жойлашуви, хусусияти, аҳолиси, шароити бизга кам таниш ва мутлақо номаълум давлатлар ҳақидаги саҳифалар бениҳоя қизиқиш билан ўқилади. Ҳар бир мамлакатнинг географик харитасини узоқ-узоқ ва такрор-такрор кузатиб ўтириб беихтиёр ўйлаб қоласан киши: ҳудуднинг шакл-шамойилидаги ғаройиботлар, жойлашуви, узоқ-яқин «ҳамсоя»лар ва ҳоказолар мамлакат ва ушбу мамлакат одамлари тақдирида, қисматида ҳали инсоният кашф этмаган сир-синоатлар йўқмикан?!
Яна бир қизиқарли воқеа десангиз. Миллий ноширчилик соҳасида ғаройиб воқеа чиқиб қолди! Буни қарангки, Ўзбекистонда биринчи география фанлари доктори, профессор Ҳамидулла Ҳасановнинг 1985 йилда нашрдан чиққан «Географик номлар сири» китоби 2026 йилда кенг жамоатчилик эътиборини қозонган Лазиз Раҳматовнинг «Дунё мамлакатлари»га махсус ёзилган сўзбоши-муқаддимадек ўқилади! Бамисоли ҳар икки муаллиф келишиб олгану, маслаҳатни бир ерга қўйиб улкан ва унутилмас илмий-маърифий ишга қўл ургандек!
Ҳар иккала китобнинг «ич»ига кирсангиз, таърифига тил ожиз деяверинг, қайтиб чиқиш маҳол. Дунёнинг, Ер куррасининг жамоли, исми-ю жисми мужассам! Ҳ.Ҳасанов домла географик номларни «Ернинг тили» деб таърифлаган, Л.Раҳматов «Ернинг тили» таърифига мансуб юзлаб номларни – она заминни бамисоли 1200 бетли китобга жо этган.
Хаёл тутқич бермайди...
О, она сайёра, курраи қутлуғ,
Самодан суратинг илк бора кўрдим,
Ҳавойи бир хаёл сеҳри эмас, йўқ,
Фарзанд меҳри билан мен боқиб турдим.
Кун кеча эмасми, хислатинг санаб
Шеър ёзиб юрардим сенга парвона,
Бу кун суратингга сўзсиз босдим лаб,
Шу сенми, ёлғизим, шу сенми, она...
* * *
Она ер бағридаги ҳар гўша – маскан инсон учун азиз ва мукаррам! Ундаги ҳар бир тирик жон сизу бизга замондошу заминдош! Ер завол кўрмасин, инсон завол кўрмасин, Курраи қутлуғ жамолига ғубор қўнмасин зинҳор. Она ер, Она ер, Она ер!..
Бир ёнда заъфарон Саҳройи Кабир,
Бир ёнда оқ сочли тоғлар пурвиқор.
Сенинг толеингга ўқийди такбир.
Ер эса ўз ўқи теграсида айланаверади...
Жуғрофия... Харита, курраи маснаъ... Кант... Беҳбудий... Асрор муаллим... Яна, яна, яна... онанинг бағридир она сайёра!..
Хуршид ДЎСТМУҲАММАД,
ёзувчи, публицист
