Курашни Пан-Америка ва Кариб ҳавзаси ўйинларига киритиш масаласи муҳокама қилинди
Миллий спортимиз курашни халқаро майдонда ўзбек бренди сифатида ривожлантириш, унинг оммавийлигини таъминлаш устувор вазифалардан бири саналади.
Куни кеча Халқаро кураш ассоциацияси президенти вазифасини бажарувчи Зиёвиддин Хожиниёзов Пан-Америка кураш иттифоқи раҳбари билан ўтказган онлайн учрашувда жаҳон спорт турлари орасидан тобора мустаҳкам ўрин эгаллаб келаётган курашни Пан-Америка ва Кариб ҳавзаси ўйинлари Дастурига киритиш, қитъа ва жаҳон миқёсидаги мусобақаларга тайёргарлик ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Муҳокамалар жараёнида Пан-Америка Кураш чемпионати ва катталар ўртасидаги Жаҳон чемпионатига тайёргарлик ишлари таҳлил қилинди.

Очиқ ва самимий руҳда ўтган суҳбат давомида жорий йил Японияда ўтадиган ёзги Осиё ўйинларидаги кураш мусобақаларига тайёргарлик ҳолати, бир неча мамлакатларнинг терма жамоалари иштирокида қўшма ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш, ҳакам ва мураббийлар учун кураш семинарлари каби мавзулар қамраб олинди.
Халқаро кураш ассоциацияси ижроия қўмитаси аъзолари иштирок этган онлайн мулоқот якунида кураш спортини ёзги Олимпия ўйинлари тизимидаги Пан-Америка ва Кариб ҳавзаси ўйинларига киритишнинг техник жиҳатлари кўриб чиқилиб, ўйинларнинг ташкилий қўмиталари билан манфаатли ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш юзасидан таклифлар илгари сурилди.
Т. Рўзиев, ЎзА