Куну тун касаллар ёнида бўлдим
Улар бирин-кетин шифо топиб, ўз оиласи бағрига қайтмоқда.
– Фаолиятим давомида энг замонавий тиббий муолажалар орқали беморларни даволаш баробарида уларга руҳий мадад бердим, куну-тун ёнларида бўлдим, – дейди Бухоро тумани тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлими шифокори Дилнавоз Адизова. – Хизматларимиз бесамар кетмади. Улар бирин-кетин шифо топиб, ўз оиласи бағрига қайтмоқда.
Шифокор Дилнавоз Адизова каби Бухоро туманидаги карантин зонасида ўз жонини хатарга қўйиб халқ олдидаги масъулият, ватанпарварлик, фидоийлик каби хислатларини намоён этган 45 нафар тиббиёт ходимлари махсус рағбатлантирилди. Коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришиб, уларнинг даволанишлари, оилалари бағрига соғайиб қайтишлари учун катта ҳисса қўшган ходимларга 659,3 миллион сўм миқдорида қўшимча кунлик тўловлар тўлаб берилди.
Ўтган 14 кунлик фаолияти даври учун барча солиқлардан ташқари 11 нафар шифокорга 25 миллион сўмдан, 20 нафар ҳамшира ва лаборантларга 15 миллион сўмдан, 9 нафар кичик тиббиёт ходимларига 10 миллион сўмдан ҳамда 5 нафар бошқа ходимларга 5 миллион сўмдан нақд пул шаклида ойлик маошлари рўйхат асосида тўланди.
Тўловлар туман тиббиёт бирлашмасининг кўп тармоқли поликлиникасида ходимларнинг 14 кунлик фаолияти тугаши муносабати билан тарқатилди.
Айни вақтда туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимида 100 нафар беморлар стационар даволанмоқда.
Уларни даволаш учун эса навбатдаги шифокорлар ҳамкасблари билан ўрин алмашди. Яна 14 кун давомида мазкур бўлимда 12 нафар шифокор, 20 нафар ҳамшира ва 13 нафар кичик тиббиёт ходимлари жалб қилинди.
