Кун тарихи: Ўзбек тили байрами куни
Ватанимиз тарихидаги 21 октябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1529 йил (бундан 495 йил олдин) – Хуросонга юриш қилган шайбоний Убайдуллоҳ бир неча ойлик қамалдан сўнг Ҳирот шаҳрини тўртинчи марта эгаллади. Бироқ шу йили 28 декабрда Шайбонийлар сулоласининг хони Кўчкунчихон Самарқандда вафот этиб, Убайдуллоҳ таъзияга кетгач, Ҳирот яна қўлдан чиқди. У кейинчалик Ҳиротни бешинчи марта ҳам эгаллаган.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Убайдуллоҳ – Муҳаммад Шайбонийхоннинг жияни, Маҳмуд Султоннинг ўғли. Отасининг илтимосига кўра, унга Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор ўз исмини берган (Бобурга ҳам Заҳириддин Муҳаммад исмини айнан Ҳожа Убайдуллоҳ Аҳрор қўйган эди). Бухорода Мир Араб номи билан машҳур бўлган давлат арбоби ва саркарда амир Абдулла Яманий унга ҳарбий санъатдан сабоқ берган.
Убайдуллоҳ 1533 йилда туркий анъанага биноан султонлар ичида энг ёши улуғи сифатида Бухорода шайбонийлар сулоласининг хони қилиб кўтарилган.
Пойтахт ҳам Самарқанддан Бухорога кўчирилиб, давлатнинг номи расмий равишда Бухоро хонлиги деб аталган. Убайдуллахон “Убайдий”, “ҚулУбайдий”, “Убайдуллоҳ” тахаллуслари билан ўзбек, форс ва араб тилларида ижод қилган.
1888 йил (бундан 136 йил олдин) – касби бўйича иккинчи гильдия савдогари, маҳаллий ипак, жун ҳамда ип-газлама буюмлари фабрикасининг хўжайини Мирза Абдулла Бухорийнинг розилиги билан Петербургга 6 қути қадимги танга ва бошқа нарсалар юборилди. Ҳаммаси бўлиб жўнатилган 6 минг 300 қадимий антиқа буюмларнинг кўпчилиги Археология комиссияси томонидан қабул қилинди. Шу йили комиссия бу буюмлар ичидан Эрмитаж музейи учун тунждан ишланган шарқ ойнаси биланмис кўзани танлаб олди.
Тарихчи олим Ҳайдарбек Бобобековнинг қайд этишича, орадан бир йил ўтгач Мирза Абдулла 13 та олтин ва мис танга, яна икки йилдан сўнг эса Эрмитаж учун 11 та сопол идиш ҳам юборди. Бу билан катта миқдордаги ноёб экспонатларнинг юртимиздан чиқиб кетишида иштирок этди. Мазкур қадимий антиқа буюмлар тарихимиз ва маданиятимизнинг бир бўлаги эди.
1908 йил (бундан 116 йил олдин) – файласуф олим, жамоат арбоби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Сулаймон Азимов таваллуд топди (вафоти 1996 йил). У 1939–1941 йилларда республика раҳбари лавозимларида ишлади. Қатағонга учраб, 1941–1955 йилларда умрининг қарийб 15 йилини турма ва қамоқ лагерларида ўтказди. 1955–1965 йилларда республика маданият вазири ўринбосари лавозимида фаолият юритди.
1917 йил (бундан 107 йил олдин) – депутат Мунавварқори Абдурашидхоновнинг таклифи билан Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев ва Содиқ Абдусатторовлар Тошкент шаҳар Думасининг 21 октябрдаги мажлисида университет ташкил этиш комиссиясига киритилди. Уларга университет ташкил этишда мусулмонлар манфаатини ҳимоя қилиш зарурлиги уқтирилди. Шу тариқа, жадидлар олий таълимнинг асоси – университет ташкил этиш учун Тошкент шаҳар Думасини ҳам ишга солдилар.
1934 йил (бундан 90 йил олдин) – Тошкент шаҳрида Ўзбекистон рус академик драма театри ташкил этилди (Театр 1936 – 1999 йиллар театр Максим Горький номи билан юритилди).
1989 йил (бундан 35 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилиниб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 10 апрелдаги “Ўзбек тили байрамини белгилаш тўғрисида”ги қонунига асосан 21 октябрь Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди.
1995 йил (бундан 29 йил олдин) – Тошкент шаҳридаги «Пахтакор» стадионида Африка – Осиё миллатлар кубоги учун икки қитъа чемпионлари – Ўзбекистон ва Нигерия миллий терма жамоалари ўртасида футбол ўйини ўтказилиб, унда 2:3 ҳисоби қайд этилди (Африка – Осиё миллатлар кубоги учун учрашувлар 1978 йилдан ўтказиб келинган).
1996 йил (бундан 28 йил олдин) – Тошкент шаҳрида туркий тилли давлатлар раҳбарларининг тарихий – тўртинчи учрашуви бўлиб ўтди. У туркий тилли давлатлар ҳамкорлигини ривожлантиришда муҳим даврни бошлаб берди ва маълум маънода замонавий Турк Кенгашини тузишга асос бўлди.
Ўшанда Тошкент декларациясини имзолар экан,давлатлар раҳбарлари ўзаро маслаҳатлашувларни мунтазам ўтказиш зарурлигини қайд этиб, туркий тилли давлатлар раҳбарлари учрашувлари Котибиятини ташкил қилишга келишиб олди.
2016 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2019 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2021 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади