Кун хабарлари қисқа сатрларда
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – ЎзбекистонЛибериал-демократик партияси Сирдарё ҳамда Жиззах вилоятлари кенгашлари “Аёллар қаноти” бўлимлари ҳамкорлигида меҳр-мурувват тадбири ташкил этилди.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – ЎзбекистонЛибериал-демократик партияси Сирдарё ҳамда Жиззах вилоятлари кенгашлари “Аёллар қаноти” бўлимлари ҳамкорлигида меҳр-мурувват тадбири ташкил этилди.
“Қўлни-қўлга бериб – биргаликда биз катта кучмиз” деб номланган тадбир доирасида ижтимоий кўмакка, меҳр-мурувватга муҳтож болалар, аёллар, оиласида ногиронлиги бўлган шахслар ҳолидан хабар олинди. Уларга совға-саломлар улашилди.
Партия фаоллари дастлаб, Жиззах вилоят перинатал маркази чақалоқлар патологияси ва парвариши бўлимида даволанаётган чақалоқлар, уларнинг оналари ҳолидан хабар олди.
Шунингдек, Жиззах шаҳридаги 5-махсус ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотига ташриф буюрилиб, у ерда тарбияланаётган имконияти чекланган болажонларга совғалар улашилди.
***
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган сана олдидан Жиззах шаҳар ҳокимлиги, Ёшлар иттифоқи шаҳар кенгаши ва шаҳар адлия бўлими, прокуратураси ҳамкорликда “Конституция – ҳаётимиз қомуси” мавзусида учрашув ўтказди.
Жиззах политехника институтида Бош қонунимизнинг мазмун-моҳиятини ёшларга чуқур ўргатишга бағишлаб ўтказилган ушбу маданий-маърифий тадбирларда талабалар, ўқувчилар иштирок этди.
Мавзу доирасидаги баҳс ва савол-жавобда фаол иштирок этган ёшларга тадбир ташкилотчиларининг эсдалик совғалари топширилди.
– Ҳуқуқий билимлар мавзусидаги тадбирлар биз ёшлар учун ҳар доим ҳам қизиқарли ҳисобланади, – дейди тадбир иштирокчиси Гулруҳ Раҳимова. – Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Парламенти ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларга сайловлар арафасида ўтганлиги туфайли янада қизиқарли бўлди. Биз тадбир давомида Конституциясиз, сайлов тўғрисида ўзимизни қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олдик.
***
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Жиззах вилоят бошқармаси вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси билан ҳамкорликда “Мажбурий ижро бюроси: ҳуқуқий маданият, тўлов интизоми йўлида” мавзусида матбуот анжумани ўтказди.
Бюронинг Жиззах вилоят бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида суд ва бошқа органлар томонидан тақдим этилган 188 мингта ижро ҳужжатининг ижроси таъминланиб, 884 миллиард сўмлик қарздорлик ва бошқа тўловлар ундирилди.
Жумладан, электр энергияси бўйича 286 миллиард, табиий газ бўйича 183,7 миллиард, ичимлик суви бўйича 18,6 миллиард, маиший чиқинди бўйича 5,9 миллиард, жами 494,2 миллиард сўм қарздорлик ундирилиши таъминланди. Ушбу ундирилган қарздорлик ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 83,1 миллиард сўм кўпдир.
Шунингдек, йилнинг ўтган даврида вилоят мажбурий бюро органлари томонидан энергия ресурслари ва сув таъминотидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ жами 1 минг 92 та ҳолат аниқланиб, бартараф этилди.
Анжуманда Мажбурий ижро бюроси органлари фаолиятида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Шу даврда жисмоний ва юридик шахсларнинг 7 минг 843 та мурожаати қабул қилиниб, улардан 3 минг 730 таси қаноатлантирилди. Мурожаатларни ҳал қилиш давомида 2 минг 371 нафар фуқаронинг ҳуқуқлари тикланди.
***
“Uzautotrans service” масъулияти чекланган жамияти “Тошкент-Гагарин” йўналишда ҳаракатланаётган автобус йўналишини Дўстлик ва Арнасой шаҳарларига қадар узайтирди.
Тошкентдан Дўстлик шаҳрига қадар бўлган 206 километрлик масофа учун йўлкира ҳақи 23 000 сўм, йўналиш масофаси 224 километрга тенг бўлган Арнасой шаҳригача эса 25 000 сўм этиб белгиланган.
Ҳозирги пайтда мазкур йўналишдаги қатновлар синов тариқасида амалга оширилмоқда. Йўловчилар оқими ушбу йўналишда етарли даражада бўлса, қатновлар мунтазам равишда йўлга қўйилади.
Таъкидлаш жоиз, айни пайтда Тошкентдан Жиззах вилоятининг Жиззах, Зомин, Гагарин ҳудудларига мунтазам автобус қатновларини амалга ошириб келмоқда.
Бундан аввалроқ Жиззах шаҳрини Фарғона водийси билан боғловчи ҳамда Ғаллаорол, Зомин, Фориш туманларида қишлоқлараро янги автобус йўналишлари очилган эди.