Кубаничбек Омуралиев: ТДТ туркий дунёнинг иқтисодий интеграциясини мустаҳкамламоқда
Бугунги глобал геосиёсий ва геоиқтисодий ўзгаришлар шароитида мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Айниқса, халқаро савдо йўналишларининг қайта шаклланиши, транспорт-коммуникация тармоқларини диверсификация қилиш ва иқтисодий хавфсизликни мустаҳкамлаш зарурати минтақавий интеграция жараёнларига янгича мазмун бағишламоқда. Ана шундай шароитда Евроосиёнинг стратегик чорраҳасида жойлашган Турк давлатлари ташкилоти (ТДТ) ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, иқтисодий салоҳиятни бирлаштириш ва халқаро транспорт йўлакларини кенгайтиришда муҳим ўрин тутади.
ТДТ Бош котиби Кубаничбек Омуралиевнинг таъкидлашича, Шарқ ва Ғарб ўртасидаги кенг географик маконда жойлашган туркий дунё қарийб 180 миллион аҳолини қамраб олади. Умумий тарих, тил ва маданий яқинликка асосланган муносабатлар бугун савдо, транспорт, инвестиция, таълим ва технологиялар соҳаларидаги амалий ҳамкорлик билан янада мустаҳкамланмоқда.
– Бизнинг зиммамиздаги масъулият – тарихий яқинлигимиз ва маънавий ришталаримизни XXI аср воқелиги ҳамда муаммоларига жавоб берадиган имкониятлар, ўзаро боғлиқлик ва ҳамкорликка айлантиришдан иборат, – дея таъкидлади у ОАВга берган интервьюсида.
Унинг фикрича, 2009 йилда ташкил этилган ТДТ ўтган давр мобайнида асосан сиёсий мулоқот ва маданий яқинликка таянган тузилмадан аниқ натижаларга йўналтирилган кўп қиррали ҳамкорлик механизмига айланди. Бу жараёнда иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, минтақалараро транспорт боғлиқлигини кенгайтириш ва давлатлар ўртасидаги мувофиқлашувни кучайтириш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бош котибнинг қайд этишича, туркий дунёнинг халқаро майдондаги аҳамияти нафақат умумий тарихий мерос, балки улкан иқтисодий ва стратегик салоҳият билан ҳам белгиланади. 2025 йил якуни бўйича эълон қилинган маълумотларга кўра, ТДТга аъзо ва кузатувчи давлатларнинг жами ялпи ички маҳсулоти 2,4 триллион АҚШ долларидан ошган. Уларнинг умумий ташқи савдо айланмаси эса қарийб 1,27 триллион долларга етган. Бу рақамлар туркий давлатлар ўртасидаги иқтисодий интеграцияни янада чуқурлаштириш учун катта имкониятлар мавжудлигини кўрсатади.
К.Омуралиев қайд этишича, глобал энергетика тизими жадал ўзгараётган ва энергияга талаб ортиб бораётган бир шароитда биргаликда ҳаракат қилиш танлов эмас, балки заруратга айланмоқда. Шу боис, ТДТнинг сўнгги саммитларида энергетика хавфсизлигини таъминлаш, етказиб бериш йўналишларини диверсификация қилиш ва энергетика инфратузилмаларини ўзаро боғлаш масалаларига устувор аҳамият қаратилмоқда.
– Туркий давлатлар Жанубий газ йўлаги, Марказий Осиё – Озарбайжон яшил энергия йўлаги, Қамбарота-1 гидроэлектр станцияси ва Қора денгиз тубидан ўтказиладиган сувости электр кабели каби йирик инфратузилма лойиҳалари орқали минтақавий ва халқаро энергетик боғлиқликни мустаҳкамламоқда, – деди Бош котиб.
Ушбу ташаббуслар энергия таъминоти барқарорлигини таъминлаш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш ҳамда туркий давлатларнинг халқаро энергетика бозоридаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
ТДТ расмийси айтишича, “Туркий дунё нигоҳи – 2040” стратегик ҳужжати тузилманинг узоқ муддатли тараққиёт йўналишларида алоҳида аҳамиятга эга. Мазкур стратегия иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш, транспорт-коммуникация алоқаларини яхшилаш, институционал ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илм-фанга асосланган саноат тармоқларига инвестиция киритиш ҳамда барқарор ривожланишни рағбатлантиришни назарда тутади.
Экспертлар 2030 йилга бориб Ўрта коридор орқали ташиладиган юклар ҳажми 11 миллион тоннага етишини тахмин қилмоқда. Шунингдек, йиллик юк ташиш қуввати 15 миллион тоннагача етиши кутилаётган Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли минтақавий транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш ва Евроосиё бўйлаб савдо имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
– Замонавий транспорт йўлаги темир йўллар, автомобиль йўллари ва портлардан кўра кенгроқ тушунчадир. Юклар чегаралардан самарали ўтиши, маълумотлар ва ҳужжатлар ҳам улар билан бирга ҳаракатланиши керак. ТДТ инфратузилмани божхона ва рақамли ечимлар билан тўлдирмоқда, – дея таъкидлайди Кубаничбек Омуралиев.
Унинг айтишича, туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий кучи халқларнинг тарихий ва маданий муштараклиги билан бирга, умумий мақсадлар йўлида биргаликда ҳаракат қилиш имкониятидадир.
– Биз биргаликда янада кучлимиз, деган ибора бугун фақат бирдамлигимизни ифодаловчи шиор эмас, балки амалий ҳамкорлигимизга йўналиш берувчи асосий тамойилдир, – деди К.Омуралиев.
Дарҳақиқат, туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичи иқтисодий манфаатлар муштараклиги, транспорт йўлакларининг ўзаро боғлиқлиги, энергетика хавфсизлиги ва стратегик лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга асосланмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистоннинг фаол иштироки мамлакатимизнинг минтақавий савдо, инвестиция ва логистика тизимидаги мавқеини янада мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар очади.
Ўткир АЛИМОВ, ЎзА