Кремль чегараларни ёпмоқда: навбатдаги сафарбарлик яқинми?
Россия тўсатдан Финляндия, Эстония ва Латвия билан боғловчи қатор темир йўл орқали чегарадан ўтиш нуқталари фаолиятини тўхтатди. Москва бу қарорни “вақтинча чора” сифатида изоҳлади, бироқ расмий ҳужжатда ҳеч бир сабаб келтирилмаган. Шу боис мазкур қадам Европа давлатларида турли саволлар пайдо қилиб, хавотирни юзага чиқарди.
Энг кўп чеклов Финляндия йўналишига тўғри келди. Маълумки, яқинда Хелсинки АҚШнинг “Lockheed Martin” компанияси билан ҳамкорликда Европадаги биринчи кўп қувватли ракета тизимига хизмат кўрсатиш марказини ташкил этиши режаси маълум қилинган эди. РФ Давлат думасидаги айрим сиёсатчилар бунга жавобан кескин баёнот бериб, қўшни давлатни “иккинчи Украина”га айланишда айблади.
Мутахассислар фикрича, темир йўл ўтиш манзиллари ёпилиши фақат ташқи сиёсий қўнғироқ эмас. Сўнгги вақтда Россия НАТО билан чегарадош ҳудудларда ҳарбий инфратузилмани кенгайтираётгани ҳақидаги маълумотлар урчиди. Даниялик таҳлилчилар эълон қилган ҳисоботда ҳам Москва келажакдаги эҳтимолий қарама-қаршиликка тайёргарлик кўраётгани қайд этилган.

Айни пайт янги сафарбарлик ҳақидаги миш-миш ҳам кучаймоқда. Украина Қуролли кучлари Бош қўмондони Александр Сирский Россия кузда фронтга қўшимча куч жалб этишини тахмин қилган. Киев маълумотига кўра, руслар сезиларли йўқотишни қоплаш учун ҳар ой ўн минглаб янги ҳарбийга эҳтиёж сезмоқда. Волгоград вилоятида сафарбарликка оид махсус машқ ўтказилгани тўғрисидаги хабарлар ҳам айни фаразни кучайтирди.
Кремль ҳозирча янги сафарбарлик режасини тасдиқламаган. Бинобарин, чегаралардаги кутилмаган чеклов, ҳарбий фаоллик ортиши ва жонли ҳарбий кучга эҳтиёж кучайишига оид маълумотлар Россиянинг навбатдаги қадами билан боғлиқ баҳсни авж олдирмоқда. Европа эса жараённи диққат билан кузатяпти.
Мусулмон Зиё, ЎзА