Кредит ваъдаси билан боғлиқ фирибгарлик фош этилди
Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Тошкент шаҳар Учтепа туман бўлими ходимлари ҳамкорлигида фирибгарлик ҳолати фош этилди.
Ўтказилган тезкор тадбирда фуқарога Тошкент шаҳридаги нуфузли банклардан бири орқали 500 миллион сўм кредит расмийлаштириб беришга кўмаклашиш эвазига 150 миллион сўм талаб қилиб, ундан 1 минг АҚШ долларини олаётган вақтда 2 нафар шахс ушланди.
Хусусан, 1999 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган С.Ж. ва унинг жиноий шериги — 2002 йилда туғилган, Яккабоғ туманида яшовчи Ҳ.С. ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Сўров давомида улар пул маблағларини 2000 йилда туғилган, муқаддам судланган, Фарғона шаҳрида яшовчи Х.Д.га олиб бориб беришларини маълум қилган.

Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур шахс ҳам келишилган пул маблағларини олаётганда ашёвий далиллар билан ушланди. Ҳолат юзасидан уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
А.Мусаев, ЎзА