Кредит қарзи вақтида қайтарилмагач, гаровдаги хонадон хатланди
Банкдан олинган кредит ўз вақтида қайтарилмаса, қарздор нафақат молиявий мажбуриятни бажариши, балки кредит таъминоти сифатида гаровга қўйилган мол-мулкдан ҳам айрилиши мумкин.
Бюронинг Тошкент шаҳар бошқармаси Алоҳида муҳим ижро ишларни ижро этиш шўъбасида юритилаётган навбатдаги ижро иши ҳам бунга мисол бўла олади.
Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судининг 2025 йил 23 октябрдаги ижро варақасига асосан, Ш.А. ва Р.Х.дан банкнинг Зангиота филиали фойдасига 439 миллион 153 минг сўм ундириш белгиланган.
Мазкур кредит мажбуриятининг таъминоти сифатида қарздорларга тегишли Тошкент шаҳри Сергели тумани, 8-мавзеда жойлашган кўп квартирали уйдаги хонадон гаровга қўйилган. Суд ҳужжатида қарздорликни айнан ушбу гаров мулки ҳисобидан ундириш назарда тутилган.

Ижро ҳужжати шўъба иш юритувига келиб тушгач, қонунчиликда белгиланган тартибда ижро иши қўзғатилиб, қарздорларга мажбуриятни ихтиёрий равишда бажариш учун муддат берилган.
Бироқ белгиланган муддат ичида қарздорлик қопланмаган. Шу сабабли ундирувчининг қонуний талабларини таъминлаш мақсадида гаровдаги хонадонга нисбатан мажбурий ижро чоралари қўлланилиб, кўчмас мулк хатланган.
Айни пайтда хонадонни “E-AUKSION” электрон савдоларига чиқариш чоралари кўрилмоқда. Савдо натижасида тушган маблағлар қонунчиликда белгиланган тартибда ундирувчи — банкнинг Зангиота филиалига йўналтирилиб, 439 миллион 153 минг сўмлик қарздорликни қоплашга сарфланади.
Мазкур ҳолат кредит мажбуриятини ўз вақтида бажариш муҳим эканини яна бир бор кўрсатади. Чунки қарзнинг муддатида қайтарилмаслиги нафақат молиявий мажбуриятларнинг ортишига, балки гаровга қўйилган кўчмас мулкка нисбатан ҳам мажбурий ижро чоралари қўлланилишига олиб келиши мумкин.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА