Косонсойга катта футбол қайтади
Наманган вилоятининг Косонсой туманида бундан 38 йил аввал асос солинган, миллионлар ўйини ихлосмандларининг олқишларига сазовор бўлган, турли даврларда “Косонсойчи”, “Кушон”, “Навбаҳор-2” номлари билан шуҳрат қозонган футбол клуби қайта ташкил этилади.
Бу ҳақида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов “Косонсой” марказий ўйингоҳида бўлиб ўтган ўрганишлар чоғида маълум қилди.

Янги клуб ихтиёрига топшириладиган стадионда меҳмонхона, ювиниш хоналари, машғулот заллари каби барча зарур шароитлар яратиб берилади. Асосийси, футбол майдонига янги чим босилиб, замонавий суғориш тизимлари билан жиҳозланади.

Вилоят раҳбари ташаббуси билан ўйингоҳни қайта мукаммал таъмирлаш учун жорий йилда маблағ ажратилиб, “Косонсой” жамоаси қайта тикланадиган бўлди. Бу эса аҳолиси азалдан футболга ошуфта саналган косонсойликлар учун чинакам туҳфа бўлади.

Қолаверса, марказий ўйингоҳ негизида Болалар-ўсмирлар спорт мактаби ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, бундай ғамхўрлик ва имкониятлар эртамиз эгаларининг спорт билан мунтазам шуғулланишига замин ҳозирлаши асносида катта футбол учун муносиб номзодлар танлаш, тайёрлаш, энг муҳими Косонсойда яна футбол довруғининг юксалишига хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА