Корхоналарда меҳнат муҳофазаси кучайтирилмоқда
Иссиқлик электр станцияларида меҳнат муҳофазаси ходимлар ҳаёти ва соғлиғини сақлашга қаратилган муҳим тизим ҳисобланади. Бу соҳада хавфсиз иш шароитларини таъминлаш, ишлаб чиқаришда юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг олдини олиш ҳамда техника хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилиш мажбурий талабдир.
“Иссиқлик электр станциялари” АЖ Хавфсизлик техникаси ва ишончлилик хизмати бошлиғи Баҳром Умиров бу борада олиб борилаётган ишлар ҳақида гапириб берди:
– Бугунги кунда иссиқлик электр станциялари ва марказларида 14 мингга яқин ишчи-ходим мамлакат аҳолиси ҳамда ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз электр ва иссиқлик энергияси билан таъминлаш йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда. Шу сабабли, корхоналарда меҳнат муҳофазасини таъминлаш ташкилотимизнинг асосий вазифаси саналади.

2026 йилнинг биринчи чорагида иссиқлик электр станциялари ва марказлари томонидан 11,4 миллиард кВт/соат электр энергияси ҳамда 4,1 миллион Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилди.
Ишлаб чиқариш жараёнида ходимлар хавфсизлигини таъминлаш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Шу мақсадда тизим корхоналарида хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, ходимларнинг меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси бўйича билим ва кўникмаларини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тошкент иссиқлик электр марказида 28 апрель – Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни муносабати билан “Ишлаб чиқариш жараёнларида жароҳатланишларнинг олдини олиш ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш” мавзусида ўқув-амалий семинарнинг ташкил этилиши ҳам шу мақсадга қаратилди.
Тадбир икки босқичда ўтказилди. Назарий қисмда меҳнатни муҳофаза қилиш, саноат ва ёнғин хавфсизлигига оид қонунчилик асослари, амалдаги меъёрий ҳужжатлар талаблари кўриб чиқилди. Шунингдек, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, хавфсиз иш шароитларини ташкил этиш ва меҳнат интизомини мустаҳкамлашнинг назарий масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Амалий босқичда эса баландликда таъмирлаш ишларини хавфсиз ташкил этиш, жароҳатланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш, портлаш ва ёнғин хавфи юқори бўлган ускуналарда оловли ишларни хавфсиз бажариш бўйича амалий машғулотлар ўтказилди. Фавқулодда вазиятларда тезкор ҳаракат қилиш бўйича ҳамкорликда ўқув машғулоти ташкил этилди.
Таъкидлаш керакки, анъанавий тарзда ташкил этилаётган бундай тадбирлар ишлаб чиқаришда хавфсизлик маданиятини юксалтириш, ходимлар масъулияти ва ҳушёрлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА