Корхона ва тадбиркорларга кўмакдош клиника
Давлатимиз раҳбари жорий йил 27 октябрда «Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолади.
28 октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу борада аҳолига батафсил маълумот берадиган маслаҳат клиникалари ҳамда Call-марказ ташкил этиш зарурлигини таъкидлаган эди.

Одатда клиника деганда бемор одамлар келиб, даволанадиган маскан тушунилади. Хўш, бу турдаги клиника қандай вазифани бажаради?
Тадбиркор фаолияти мобайнида турли тўсиқлар, муаммолар, чигал вазиятлар, тушунмовчиликлар гирдобида қолади. Кредит маблағларининг сабабсиз кечиктирилиши, субъектга ажратиладиган жой, бино масаласи, маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун ишчи кучи, экспорт муаммолари ва ҳоказо масалалар билан қийналиб юрган тадбиркорлар худди мана шу клиникага келиб, ўз “дард”ларига даво топишлари мумкин.
Қарши шаҳрида йирик корхоналар, тадбиркорлар ва ишбилармонлар учун Корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникаси ташкил этилди.
Президентимиз 12-13 ноябрь кунлари Қашқадарё вилоятига қилган сафари мобайнида ушбу клиникага ҳам ташриф буюриб, унинг фаолияти билан танишди.
Клиникада вилоятдаги йирик корхоналар ва тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг доимий кўргазмаси ташкил этилган.
– Ушбу ҳужжат одамларда турли фикрларни уйғотяпти: безовталиклар ҳам, хурсандчиликлар ҳам бор. Хусусийлаштиришдан асосий мақсад – фаолият юритаётган давлат корхоналари янада самарали ишлашини таъминлаш ҳамда тадбиркорларга йўл очиб беришдир, – дейди Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Суннатилла Бекенов. – Ўзингиз яхши биласиз, агар давлатнинг бозордаги улуши қанча кўп бўлса, у шунча корхоналарга яқин кўмаклашувчи ва тадбиркорларга тўсиқ ҳам бўлади. Мисол учун, юқорида турувчи идора ва вазирликлар бирор хизматга эҳтиёж сезса, хусусий секторга эмас, балки, давлат унитар корхонасига мурожаат қилади. Натижада рақобат муҳити ва сифат йўқолади. Сифат йўқ бўлса, табиийки, таннарх ҳам ўсади. Давлат мулки талон-торож бўлмайдими?, Хусусийлаштириш жараёни шаффоф ўтадими, таниш-билишчиликка йўл қўйилмайдими?, каби саволлар ҳам одамларда шубҳа, хавотир уйғотаётгани бор гап. Давлат мулки бу – халқ мулки. Шундай экан, бинолар хусусийлаштирилиб, сотилаётганида ҳам, инвесторларга берилаётганида ҳам, албатта, шаффофлик таъминланади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, хусусийлаштиришдан мақсад бюджетга пул тушириш эмас, давлат пул учун корхоналарни сотиб юбормаяпти. Балки, корхонани янада соғломлаштириб, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришга айлантиришдир.
Маҳсулот ишлаб чиқаришдаги қатор қийинчиликлар, инвестор тополмаслик, банкдан кредит ололмаслик сингари турли муаммолар охир-оқибат тадбиркорнинг аҳволини қийинлаштиради, яъни носоғлом муҳитга олиб келади. Юртимизда муаммога дуч келган ишбилармонлар ўз дардини бориб айтадиган Савдо-саноат палатаси, бизнес омбудсман, Бош вазир қабулхоналари, «Тадбиркор аёл» Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси каби кўплаб ташкилотлар фаолият юритади.
Улар тадбиркорни қийнаётган масалани тегишли мутасадди вазирликларга етказади. Натижада ҳар доим ҳам ишбилармоннинг муаммоси тезкор ечим топмайди, тадбиркор мурожаати ортидан сарсон юраверади. Бу каби клиникалар эса муаммоларни ҳал қилишга яқиндан кўмаклашади. Аввало, ҳар қандай муаммонинг сабаби ва оқибатлари чуқур таҳлил қилиниб, оқибат билан эмас, сабабга қарши курашилади. Клиникага барча соҳа вакиллари чақиртирилиб, муаммога биргаликда ечим топилади.
Корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникалари Қорақалпоғистон, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларда очилган. Шунингдек, куну тун ишлайдиган 1082 рақамли Call-марказ ҳам йўлга қўйилди. Мазкур клиникалар Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг ҳудудий органлари томонидан бошқарилади. Уларнинг фаолиятида Савдо-саноат палатаси, Бош вазир қабулхонаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ва ҳокимлик вакиллари доимий иштирок этади. Бундан ташқари, сўровга асосан бошқа вазирлик ва идоралар, тижорат банклари ходимлари ҳам жалб этилиши мумкин.
Суннатилла Бекеновнинг қўшимча қилишича, Қашқадарё вилоятида фаолиятини тўхтатган ёки ёпилиш арафасида турган, солиқдан муддати ўтган қарзи бор, маҳсулоти сотилмай, йиғилиб қолаётган мингтага яқин корхона мавжуд. Уларнинг барчаси соғломлаштиришга муҳтож. Яқинда фаолиятини бошлаган клиникада мазкур корхоналар чуқур таҳлил қилиниб, уларни яна аввалгидек ишлашига кўмаклашилади.
Мазкур клиникада иқтисодий-молиявий ва юридик маслаҳатлар бериш, информацион хизматлар кўрсатиш учун барча шароит яратилган. Малакали мутахассислар бириктирилиб, инфокиосклар ўрнатилган. Бу ерда хусусийлаштиришга қўйилган объектлар, уларнинг манзили, ҳолати, соҳадаги тартиб-қоидалар ҳақида батафсил маълумот олиш мумкин. Ҳамма хизматлар бепул. Тадбиркорларга давлат активларини сотиб олиш, корхоналарни хусусийлаштиришга оид саволларга жавоб олиш ва муаммоларни ҳал қилишда амалий кўмак кўрсатилади.
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА