Коррупция – тараққиёт кушандаси
“Ипотека-банк” акциядорлик тижорат ипотека банкида ўтказилган семинар шундай номланди.
“Ипотека-банк” акциядорлик тижорат ипотека банкида ўтказилган семинар шундай номланди.
Унда “Ипотека-банк” АТИБ юридик департамент директори Ҳумоюн Муродов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси академияси вакили, катта прокурор Худойберди Турсунбеков ва бошқалар тизимда жиноятчилик ҳолатлари келиб чиқишининг олдини олиш, шу жумладан, коррупция, таъмагирлик, порахўрлик, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ва бошқа салбий ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда қонун ҳужжатларининг талаблари борасидаги билим ва кўникмаларини ошириш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Президентимизнинг 2017 йил 2 февралдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида“ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарори ижроси бу борада ишларга жиддий эътибор қаратилиши ва амалий самараларга эришишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Қарор ижросини таъминлаш мақсадида ташкилотларда коррупция вужудга келишини минималлаштириш ва олдини олишнинг сўзсиз ижросини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Унинг ижроси юзасидан “Ипотека-банк” АТИБ тизимида коррупциянинг олдини олиш комиссияси тузилган бўлиб, мазкур комиссия бугунги кунда фаол ишламоқда ва амалий натижаларга эришмоқда.
– Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ёт бўлган бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш айни куннинг асосий вазифаларига айланмоқда, – деди “Ипотека-банк” АТИБ Ички назорат департаменти бўлим бошлиғи Элмурод Мирзаев. – Шу боис бугунги тадбирда мутахассислар томонидан коррупция домига тушиб қолган шу соҳанинг айрим вакиллари ва уларнинг кирдикорлари фош бўлаётгани ҳамда улар қонун олдида жавоб бераётганини ҳаётий мисоллар асосида тушунтириб берилди. Албатта, бу каби мисоллар ҳар бир ходимни сергакликка ундаб, ўз касбига садоқат билан ишлашга чорлайди. Семинарда банк ходимлари ўз билим ва кўникмаларини такомиллаштириш борасида ишлашлари, мижозларга юқори даражадаги банк хизматлари кўрсатилишига эришиши лозимлиги бўйича йўл-қўриқлар кўрсатилар экан, уларнинг иш фаолиятида мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш, таъмагирлик ва порахўрлик каби иллатлардан йироқ бўлиши уқтирилди.
Якунда мавзуга оид видео-ролик намойиш этилди.



Реклама ҳуқуқи асосида