Коррупцияга қарши муросасиз муносабат – муҳим вазифа
Бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш, унинг олдини олиш ва коррупциявий хавф-хатарларни барвақт аниқлаш давлат ва жамият бошқарувининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ҳамда ходимларда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.
“Иссиқлик электр станциялари” АЖ тизимидаги “Толимаржон ИЭС” акциядорлик жамиятида ҳам мазкур йўналишдаги ишларни тизимли равишда кучайтириш, ходимларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини ошириш мақсадида коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашиш ҳамда жамоада коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган семинар ўтказилди.
– Коррупцияга қарши курашиш фақатгина масъул тузилмаларнинг вазифаси эмас. Бу жараёнда ҳар бир ходим ўзининг хизмат вазифаларига ҳалол ва виждонан ёндашиши, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслиги ҳамда коррупциявий ҳолатларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиши зарур, – деди “Иссиқлик электр станциялари” АЖ Коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс бошқармаси бошлиғи Баҳодир Носирхўжаев.
Шунингдек, тадбир давомида давлат харидлари соҳасида қонунийлик, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, коррупциявий хавф-хатарларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик масалалари юзасидан батафсил маълумот берилди. Шу билан бирга, давлат харидларини амалга оширишда масъулият ва назоратни кучайтириш, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича амалий тавсиялар билдирилди.
Семинар якунида ходимларга қонун ҳужжатларига қатъий риоя қилиш, хизмат вазифаларини виждонан бажариш, коррупциявий хавф-хатарларга бефарқ бўлмаслик ҳамда жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ҳар бир ходимнинг муҳим вазифаси эканлиги тушунтирилди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА