Коррупцияга қарши чора кўрилмоқда
Тошкент шаҳар Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Марказий банкнинг Тошкент шаҳар бош бошқармаси бошлиғи Даврон Исматов Тошкент шаҳрида банк соҳасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш масалалари бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берди.
Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, Тошкент шаҳар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси мутасадди раҳбарларининг ўз тизимларида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ҳамда унга қарши курашиш юзасидан кўрган чоралари бўйича ахборотлари тингланди.


Шунингдек, давлат ташкилотларининг ўз фаолиятида Коррупцияга қарши курашишда амалга ошираётган ишлари юзасидан ҳисоботлари ҳам тингланиб, пойтахтдаги қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси фаолиятида ва бошқа ташкилотларда коррупция ҳолатларининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар танқидий муҳокама қилинди ва масъулларга уларни жадаллаштириш, инсон омилини истисно қиладиган ечимларни излаш вазифаси юклатилди.


Йиғилиш давомида, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг расмий веб-сайтида очиқ маълумотларни жойлаштириш ва юритиш бўйича масъулларнинг амалга оширган ишлари юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ахборот технологияларини жорий этиш бўйича котибияти мудири ҳам ҳисобот берди.
Муҳокамалар сўнгида аниқланган коррупция ҳолатларига алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг сабаб ва оқибатлари таҳлил қилинди. Бу иллатга қарши курашиш йўналишидаги ишларни янада кучайтириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА